Эрон 2025 йилгача 9 та янги АЭС қуриши кераклиги айтилди
Эрон яқин 10 йил ичида 9 та атом электр станцияси қуриши керак. Бу ҳақда Эрон атом энергияси ташкилоти расмий вакили ва бошлиғи ўринбосари Беҳруз Камолвандий маълум қилди.
"Мамлакат 2025 йилгача Эроннинг барча электростанциялари ишлаб чиқарадиган қувватни камида 100 минг МВтга етказиш учун яқин 10 йил ичида 9 та янги АЭС қуриши керак", деб Камолвандийнинг айтган сўзларини келтириб ўтди IRNA агентлиги.
Эрон энергетика вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакат электростанциялари ҳозирда 73 минг МВт электр энергия ишлаб чиқара олади.
Камолвандий таъкидлашича, 2025 йилга келиб Эрондаги барча электр энергиянинг 8-12 фоизи АЭС ҳисобига ишлаб чиқарилиши лозим. Эрон АЭСларни қуриш учун ҳам хусусий секторнинг ички маблағлари, ҳам хорижий сармояларни жалб қилмоқчи.
Камолвандийнинг айтишича, санкциялар бекор қилингандан кейин Эронга АЭС қурилиши бўйича бир қатор манфаатли таклифлар тушган.