Ўзбекистон | 11:48 / 09.03.2016
12866
2 дақиқада ўқилади

Интернетда Тошкент метроси учун тайёрланаётган янги вагонлар сурати пайдо бўлди

Facebook ижтимоий тармоғидаги «Водители Ташкента» гуруҳида янгиланган вагонлар суратлари жойлаштирилди. Бу вагонлар Тошкент метрополитенининг «Ўзбекистон» йўналиши учун тайёрланмоқда.

Toshkent Metropoliteni томонидан UZ24 сайтига маълум қилинишича, Тошкент йўловчи вагонларни таъмирлаш заводи Тошкент метрополитени буюртмасига асосан метро вагонларини капитал таъмирдан чиқармоқда.

Қайд этилишича, олтита вагон таъмирлаш учун ажратилган. Капитал таъмирдан кейин вагонлар нафақат янгиланган ташқи кўриниш, балки янги ички дизайнга ҳам эга бўлади. Электр, пневматик ва механик ускуналар ҳам тўлиқ янгиланади. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида салонда ёнмайдиган материаллардан фойдаланади, шунингдек автоматик ёнғин ўчириш тизими ўрнатилади. Вагонлар оқ-кўк рангаларга бўялиб, вагоннинг ён қисмида қалин қизил чизиқ ҳам бўлади. Ушбу вагонлардан фойдаланиш муддати 15 йилга чўзилади.

Пойтахт метроси вагонларини модернизация қилиш ишлари 2013 йилда бошланган. 2015 йилдан метрополитеннинг «Чилонзор» йўналишида янги вагонлар таркиби синов учун ҳаракатланишни бошлаган эди. Аҳоли бу вагонларни "Ер остидаги Афросиёб" деб атаганди. Таъмирдан чиқарилган вагонлар қачондан йўлга чиқиши ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Лекин бу 2016 йилнинг биринчи ярмида рўй бериши айтилган.

Таъмирлаш ишлари давом этмоқда.