Ўзбекистон | 16:09 / 09.03.2016
19643
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда давлат ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамаси 2 мартдаги қарори асосида давлат хизматчилари учун одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлади. Ушбу чора хизмат мажбуриятларини самарали бажариш учун қабул қилинган.

Ҳужжатда давлат хизматчилари фаолиятининг асосий тамойиллари белгиланган: қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний талаблари устуворлиги, ватанпарварлик, хизмат вазифасига содиқлик, одиллик, ҳалоллик ва бетарафлик.

Давлат хизматчилари мажбуриятлари қаторига Ўзбекистон урф-одатларига ҳурмат билан қараш, Республика ҳудудида яшаётган барча миллатлар, ижтимоий гуруҳлар аъзолари хусусиятлари ва талабларини ҳисобга олиш ҳам киритилган.

Ишга кириш вақтида хизматчи ушбу қоидалар билан танишиб, уларни бажариш мажбуриятини олади. Ушбу қоидаларни бузиш учун жавобгарлик кўзда тутилган. Ҳар бир муассасада беш кишидан иборат комиссия ташкил қилинади. Давлат хизматчилар хусусий манфаат ва хизмат манфаатлари қарама-қаршилигига дуч келса, бу ҳақда ўз бошлиғига хабар бериши шарт ҳисобланади.

Ўзбекистон Адлия ва Меҳнат вазирликлари 2016 йил давомида ушбу қоидалар қабул қилинишини кузатиб бориши белгиланган.