Қорақалпоғистон Республикасида 900 гектарга яқин янги токзорлар барпо этилди
Қорақалпоғистон Республикаси соҳибкорлари боғдорчиликни ривожлантириш, соҳага хорижий технологияларни жорий этишда илғор усуллардан фойдаланмоқда. Боғ-роғлар, узумзорлар кенгайтирилиб, янгилари барпо этилмоқда. Эскирган боғ ва токзорларни қайта тиклаш, янгиларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Тармоқни ривожлантириш, етиштирилаётган маҳсулотни қайта ишлаш кўламини янада кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида кейинги уч йилда 900 гектарга яқин майдонда янги токзорлар барпо этилди, маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос узум кўчатлари ўтқазилди, деб ёзади ЎзА.
Жумладан, ўтган йили Тўрткўл туманида 5 минг 364 тонна мева, 642 тонна узум, 14 минг 611 тонна сабзавот, 12 минг тоннадан зиёд полиз маҳсулотлари етиштирилган.
“Бу йил ҳам баланд марраларни кўзламоқдамиз. Жорий йилда 7 минг 137 тонна мева етиштиришни режалаштирганмиз. 30 гектар майдонда янги узумзор барпо этиб, 8 гектар токзорни реконструкция қилмоқдамиз. 15 гектар майдонда интенсив боғ яратилмоқда”, дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Муратбой Тағанмуратов.