Спорт | 08:44 / 09.03.2016
4886
2 дақиқада ўқилади

Серена Уильямс: Шарапова допинг қабул қилганини тан олиб мардлик қилди

Дунёнинг биринчи рақамли ракеткаси америкалик Серена Уильямс россиялик Мария Шарапованинг допинг можароси ҳақида фикр билдириб ўтди. У ўзининг принципиал рақибаси сифатида қараладиган бу теннисчининг допинг қабул қилганини тан олишини мардлик намунаси сифатида баҳолаган.

"Мен бу хабарни эшитиб ҳайратга тушдим. Лекин шу билан бирга хурсандман ҳамки, унинг ўзи буни тан олиб, жасорат кўрсатди. Бу ҳақиқий мардлик намунаси", дейди Уильямс.

7 март куни россиялик теннисчи, дунёнинг энг бой аёл спортчиси Мария Шарапова Лос-Анжелесдаги махсус матбуот анжумани чоғида 2016 йилги Австралия очиқ чемпионатида ундан олинган намуналарда ман этилган препарат — мельдоний топилганини тан олди.

Халқаро теннис федерацияси (ITF) Шарапованинг 2016 йил, 26 январда топширган допинг-тести ижобий чиққанини маълум қилганди. 2 март куни эса унга тақиқланган препарат қабул қилинганликда айблов қўйилган. Унинг иши борасида қарор эълон қилингунига қадар россиялик теннисчи барча WTA турнирларидан дисквалификация қилинди. Ушбу дисквалификация 2016 йилнинг 12 мартидан кучга киради.

Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) Шарапованинг иши бўйича ITF ўз қарорини эълон қилмагунича, унинг иши ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермайди.

Маълумот учун, мельдоний (милдронат) препарати S4 (гормонлар ва метоболизм модуляторлари) синфига киради ва WADA’нинг тақиқланган препаратлар рўйхатидан жой олган. Мазкур препарат спортда организмнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш ва руҳий зўриқишнинг олдини олиш учун истеъмол қилинади. Жорий йилнинг 1 январидан мельдоний препаратини қабул қилиш антидопинг қоидаларининг бузилишига олиб келади.