Жаҳон | 15:29 / 09.03.2016
8298
3 дақиқада ўқилади

Stratfor таҳлилий гуруҳи АҚШ ва Япония ўртасида можаро чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда

Stratfor таҳлилий гуруҳи асосчиси Жорж Фридман Business Insider нашрига берган интервьюсида Европада янги уруш бошланиши ҳамда АҚШ ва Япония ўртасида можаро чиқишидан огоҳлантирмоқда. Экспертнинг фикрича, вазият мавжуд халқаро муносабатлар тизимида принципиал қарама-қаршиликлар сабабли кескинлашиб кетиши мумкин.

Фридманнинг таъкидлашича, Европа давлатлари ўртасида узоқ вақтдан бери уруш бўлмагани у яна бўлмаслигини кафолатламайди.

"1815 йилдан 1871 йилгача Европа давлатлари ўртасида ҳеч қандай турдаги уруш бўлмаган. Кейин эса Биринчи жаҳон уруши бўлиб ўтди", деб айтмоқда Фридман. Фридманнинг фикрича, замонавий даврда халқаро муносабатларнинг трансформацияланишини ҳам катта урушга олиб келиши мумкин. "Ҳеч бир аср бўлмаганки, қайсинда бутун халқаро муносабатлар тизими ларзага келмаган уруш бўлмаган бўлса. Сиз бундай уруш келажакда бўлмаслигига баҳслашишга тайёрмисиз? Агар шундай бўлса, мен сиз билан баҳс бойлашга тайёрман", деб айтди Фридман ва 18 асрдаги 7 йиллик уруш, 19 асрдаги Наполеон урушлари ва 20 асрдаги жаҳон урушларини эслатиб ўтди.

Таҳлилчининг фикрича, Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Тинч океанида уруш юз бериши катта эҳтимоли мавжуд. Шарқий Европа ва Яқин Шарқдаги урушлар Польша ва Туркиянинг ўсиши ва уларнинг Россия билан ихтилофга бориши сабабли юз бериши мумкин, Тинч океанидаги уруш эса АҚШ ва Япония ўртасидаги денгиз уруши бўлиши мумкин. Фридманнинг фикрича, у ёки бу давлатнинг ривожланиш жараёни эмас, балки дунёдаги янги позицияларнинг шаклланишига ҳамроҳлик қиладиган беқарорлик хавф солади.

Stratfor АҚШда 1996 йилда ташкил этилган хусусий разведка-таҳлилий агентлиги бўлиб, у мунтазам равишда очиқ маълумотлар ҳамда ўзининг шахсий манбаларидан олинган маълумотлар асосида тузиладиган турли прогнозлар чоп этиб боради.

Stratfor’нинг иш сифати доимо танқидларга учрайди. Хусусан, у шу баёнотида ҳам Европада 1815 йилдан 1871 йилгача уруш бўлмади деганда, 1853-1856 йиллардаги Қрим уруши, 1848-1850 йиллардаги Дания-Пруссия уруши ва 1866 йилдаги Австрия-Пруссия урушларини назардан қочириб, қўпол хатога йўл қўйгани, таъкидланмоқда.