Таиландлик синоптиклар баҳорда жазирама иссиқ кунлар бўлишидан огоҳлантиришди
Таиландда жазирама иссиқ апрель ўрталарида бошланиб, май охиригача давом этади.
Таиланд метеорология департаменти бугун - 9 март куни ўз сайтида апрель-май ойларида кутилаётган кундузги 44 даражагача жазирама иссиқдан эҳтиёт бўлишни тавсия қилди.
Шунингдек, ҳаво айлантирувчи ва салқинлатувчи мосламаларни олдиндан текшириб олиш, сурункали юрак-қонтомир хасталикларидан азият чекувчиларга кўпроқ вақтни ҳаво мўътадил айланадиган салқин хоналарда ўтказиш ва зарур дори-дармонларни тайёрлаб олиш маслаҳат берилган.
Апрель ўрталаридан май охиригача Таиландда энг иссиқ давр ҳисобланади. Ўтган йили шу пайтларда ҳам ҳаво ҳарорати 40-44, баъзи жойларда ҳатто 48 даражагача кўтарилган.
Департамент апрель ўрталарида нишонланадиган Сонгкран (буддизм тақвими бўйича анъанавий янги йил) байрамида меъёридан ортиқ спиртли ичимлик ичиш хавфидан ҳам огоҳлантирди.