Фан-техника | 00:57 / 10.03.2016
4532
2 дақиқада ўқилади

Instagram "Одноклассники" ижтимоий тармоғи билан уйғунлаштирилди

16 февралда "Одноклассники" ижтимоий тармоғида Instagram ижтимоий тармоғидаги аккаунтлардан тасвирларни чоп этиш имконияти пайдо бўлди. 

Instagram фойдаланувчилари энди ўзларининг суратлари ва видеоларини бир вақтда ҳам инстаграмдаги саҳифаларида, ҳам "Одноклассники" ижтимоий тармоғидаги саҳифаларида чоп этиш имкониятига эга бўлдилар.

Instagram’нинг "ОК" билан уйғунлашган дастурини Appstore’дан юклаб олиш мумкин, у тез орада Google Play Market’да ҳам пайдо бўлади.

Аввалроқ Instagram фойдаланувчиларига ўз аккаунтларидаги суратларни Facebook, Twitter, Flickr, Tumblr ва Swarm ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида чоп этиш ёки электрон почта орқали юбориш имкони таклиф қилинганди.

"Янги опция Instagram’да жойлаштирилган суратларнинг қамраб олинишини оширишга имкон беради. Ўз навбатида, ижтимоий тармоғимиз аудиторияси фото ва видеоконтентнинг янги кластерига кира олади", деб айтди "Одноклассники"ни ривожлантириш менежери Семен Боярский.

2015 йил сентябри охирига кўра, Instagram’да 400 млн дан кўпроқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтган.

"Одноклассники" лойиҳаси кўнгилочар ижтимоий тармоқ бўлиб, 2016 йил январь ҳолатига кўра унинг аудиторияси 51 млн кишини ташкил қилган. Бу ижтимоий тармоқ Россиядаги энг оммавий ҳамда ташриф буюриш бўйича дунёдаги 4-рақамли ижтимоий тармоқ ҳисобланади. Ижтимоий тармоқда видео, мусиқа, ўйинлар тақдим қилинган. Ижтимоий тармоқда 1 млн дан кўпроқ гуруҳ қайд қилинган.

Шу ўринда яна бир муҳим маълумот: www.kun.uz сайтининг www.odnoklassniki.ru тармоғидаги расмий саҳифасининг ўқувчилари сони қарийб 76 минг нафарга етди.