Жаҳон | 10:16 / 10.03.2016
5347
1 дақиқада ўқилади

ОАВ ИШИДнинг 22 минг жангариси ҳақида маълумотлар қўлга киритилгани ҳақида хабар берди

Буюк Британиядаги Sky News телеканалида ИШИДнинг 22 минг нафар жангариси ҳақида шахсий маълумотлар қўлга киритилгани тўғрисида хабар берилди.

Бу маълумотлар ташкилотнинг собиқ аъзоси томонидан ИШИДнинг ички хавфсизлигига жавоб берувчи вакилидан флешка орқали ўғирлангани айтилган. Собиқ жангари ташкилот ичидан емирила бошлагач, уни тарк этишга қарор қилганини билдирган.

Унинг маълум қилишича, ИШИД курдлар ҳамда Башар Асад режими билан ҳамкорликда Сурия мухолифатига қарши урушмоқда.

Олинган маълумотларда жангариларнинг нафақат исмлари, балки манзиллари, телефон рақамлари, 50дан ортиқ давлатга мансуб жангариларнинг оила аъзоларига оид маълумотлар бор. Шунингдек, улар орасида ОАВга таниш бўлган жангарилар номлари ҳам бор.

Бундан олдинроқ, Пентагон ИШИДнинг ҳарбий вазири сифатида маълум бўлган Абу Умар аш-Шишанийнинг ўлдирилгани ҳақида маълум қилганди.