Жамият | 18:22 / 10.03.2016
2668
2 дақиқада ўқилади

Ободонлаштириш ойлигида нукусликлар фаол қатнашмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 4 мартдаги фармойишига мувофиқ ўтказилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида 21 минг тупга яқин турли манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади. 50 гектардан зиёд майдонга 13 мингдан ортиқ гул кўчатлари экиш ва турфа гуллар уруғини сепиш режалаштирилган.

Айни пайтга қадар Нукус шаҳар ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги 137 километр ариқ ва 24 сув насоси таъмирланди. 2,2 километр ёпиқ горизонтал дренаж тозаланди. Кўча ва хиёбонларни ёритадиган 221 километрлик электр тармоқларининг ҳолати текширувдан ўтказилди. 245 марказий ва ички кўчаларга 6 минг 614 дона ёритгич, “Дўстлик гузари” кўчаси ва Амфитеатрга 38 дона прожектор ўрнатилди. Эскирган кўча ёритгичлари энергия тежайдиган замонавийларига алмаштирилди, деб ёзади ЎзА.

Аҳоли учун янада қулайлик яратиш мақсадида кўп қаватли уйлар қошида махсус замонавий чиқиндихоналар ташкил этилган. Улар суюқ ва қаттиқ чиқиндилар учун алоҳида махсус контейнерлар билан таъминланган.

Бошқарма томонидан шаҳар ҳудудидаги 12 қабристон ҳам ободонлаштирилмоқда.