Ўзбекистон | 12:32 / 10.03.2016
4286
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон БМТ раҳбарини ШҲТ фаолияти ҳақида хабардор қилди

Ўзбекистон БМТ бош котибига расмий мактуб юбориб, Шанхай халқаро ҳамкорлик ташкилоти фаолияти ҳақида ҳисобот берди. Бу ҳақда БМТ янгиликлар маркази сайтида маълум қилинган.

Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Музаффар Мараҳимовнинг мактубида ШҲТга аъзо мамлакатлар «ишонч ва дўстона қўшничилик муносабатларига асосланган ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар»ни амалга оширгани айтилган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили айни вақтда ШҲТнинг доимий фаолиятда бўлган иккита органи — бош қароргоҳи Пекинда бўлган Котибият ва бош қароргоҳи Тошкентда бўлган Минтақавий аксилтеррорчилик тузилмаси самарали иш олиб бораётгани, 2015 йилда Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга аъзо бўлиши бўйича жараёнлар бошлангани ҳақида маълум қилган.

«ШҲТ минтақавий иқтисодий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни молиялаштириш, ишбилармонлар ва молиявий ташкилотлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишнинг муҳимлигини эътиборда тутади», — дея иқтибос келтирилади ушбу хатдан.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг июль ойида Ўзбекистон ушбу ташкилот раислигини эгаллаган эди.