Жаҳон | 15:53 / 10.03.2016
3581
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда Россия билан биргаликда аксилтеррор ўқув машғулотлари бошланди

Тожикистонда ташқаридан террорчилик хуружларини қайтариш бўйича йирик Тожикистон-Россия ўқув машғулотлари бошланди. Машғулотларга жами 50 мингдан кўпроқ ҳарбий ҳамда катта миқдорда зирҳли техника ва авиация жалб қилинган, деб хабар берилди ТАСС ахборот агентлиги мухбирига Тожикистон мудофаа вазирлиги матбуот хизматида.

Биргаликдаги машғулотларнинг фаол босқичи Хатлон гарнизонинг 5 та полигонида, яъни "Ляур", "Сумбула", "Момирак", "Ҳарбмайдон" ва "Ҳалқаер" машғулотлар базасида бўлиб ўтади. Машғулотларга умумий ҳисобда Тожикистон Қуролли кучларининг 50 мингга яқин аскар, зобит ва захирадаги ҳарбийлари ҳамда Россиянинг 2 мингдан кўпроқ аскар ва зобитлари жалб қилинади.

Тожикистон мудофаа вазирлиги матбуот котиби Фаридун Маҳмадализоданинг айтишича, "Тожикистон ва Россиянинг ҳарбий ҳамкорлиги тарихида биринчи марта машғулотларда Тожикистонда жойлашган Россиянинг 201-ҳарбий базаси ҳарбийларидан ташқари, Россия мудофаа вазирлиги марказий ҳарбий оуругининг қўшимча кучлари ва воситалари иштирок этмоқда".

Машғулотлар Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг "Ҳудудий мудофаани ташкил этиш режасини тасдиқлаш ва амалга ошириш" фармони доирасида ўтказилмоқда. Машғулотларга Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо қўмондонлик қилади. Россия томонидан машғулотларни Марказий ҳарбий округ қўмондони ўринбосари генерал-лейтенант Ҳасан Калоев бошчилигидаги округ вакиллари гуруҳи кузатиб боради.