Хиддинк: Азар Ди Мария билан футболка алмашмаслиги керак эди, мухлисларнинг унга ҳуштакбозлик қилишга ҳаққи бор
"Челси" жамоаси бош мураббийи ЕЧЛнинг нимчорак финалида "ПСЖ"га қарши 1:2 ҳисобида якунланган мағлубиятдан кейин журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
"Ўйиннинг дастлабки 10 дақиқасида рақибга жуда эркин ҳаракатланиш имконини бердик. Балки рақибни ҳаддан ташқари ҳурмат қилиб юбордик. "ПСЖ" майдонда ҳукмронлик қилди.
Уларда яхши жамоа бор. Лекин биз фаоллашганимиз заҳоти майдонда устунлик бизнинг томонимизга ўтди. Вазиятлар ярата бошладик.
67-дақиқада барчаси ўзгарди. Бизда гол уриш имкони пайдо бўлди, аммо кейин Диего Коста жароҳат олди. У ўйинга тўлиқ тайёр эмаслигини билардик, аммо у ўйнашни жуда истади ва чиройли гол ҳам урди.
Жамоалар таркибида фарқ катта эди. Биз ёшларни майдонга туширдик, улар эса Эдинсон Каванини. Шунга қарамай айтишим лозим, ёш ва иқтидорли Кенеди чап қанотда ажойиб ўйин намойиш қилди.
Мавсум охир ўтди. Мен "Челси"га келганимда жамоа хавфли зонада эди. Биз вазиятни ўнглай олдик. Аммо кучли тўртликка кириш қийин бўлади. Биз ҳозир ўтиш давридамиз.
Азар Ди Мария билан танаффус вақтида футболка алмашди? Бундай қилиш ярамайди, лекин бу энг катта муаммо эмас.
Мухлислар унга ҳуштак чалишдими? Улар бунга ҳақлидирлар", - дея қўшимча қилади голландиялик мураббий.