Жамият | 23:46 / 10.03.2016
4005
1 дақиқада ўқилади

Хитойда 11 ёшли бола онлайн-ўйинлар зарари ҳақидаги баҳсда бармоғини кесиб ташлади

Хитойда 11 ёшли ўйинлар ихлосманди ота-онаси билан онлайн-ўйинларнинг зарари ҳақида баҳслашаётиб ўзининг бармоғини кесиб ташлади, деб хабар бермоқда The Sun нашри.

Баҳс бола уйғониши биланоқ смартфонда ўйин ўйнашни бошлагани туфайли чиққан. Боланинг онаси фарзандининг бу қилиғидан норози бўлган. У ўғлига ўз укасига ёмон ўрнак кўрсатаётганини айтган. Бола 6 ёшли укаси ҳали ўйинларга қизиқиш билдирмаётганини айтиб, онасига эътироз билдирган.

Кейинроқ она-бола баҳсига ота ҳам қўшилган ва баҳс авж олиб кетган. 11 ёшли бола баҳсга чек қўйиш мақсадида ошхона пичоғини олиб, чап қўлининг кўрсаткич бармоғини кесиб ташлаган.

Бола шифохонага етказилган ва унинг бармоғи ўз ўрнига тикиб қўйилган. Жарроҳларнинг айтишича, операциянинг муваффақиятли ўтганини бир ҳафтадан кейингина баҳолаш мумкин бўлади.