Жамият | 16:56 / 11.03.2016
2383
2 дақиқада ўқилади

Болқонлик йигитлар Абу-Дабидан Дубайгача бўлган йўлни пиёда босиб ўтишди

Абу-Дабида яшовчи Немо Стоянович ва Дарко Димески Абу-Дабидан то Дубайгача бўлган 120 километрли масофани босиб ўтишди.

Икки ҳамкасб дўст ўз имкониятларини синовдан ўтказиш ҳамда саргузашт қилиш учун бу ишни амалга оширишга қарор қилишган.

«Биз расмий тарзда 5 килограммли юк билан 120 километрли масофани босиб ўтдик ёхуд 160 мингта қадам ташладик. Бу деярли 44 соатли саргузаштга айланди. Йўл давомида биз 3 литр шарбат ва 16 литр сув ичдик», - деб ёзади Немо.

«Бу жуда қийин кечди. Аввалига бу иложсиз ишдек кўринганди. Танамиз қуёш тафтидан куйиб, теримиз ачиша бошлади. Йўлнинг қоқ марказида ухлаб ҳам қолдик. Лекин одамларнинг қўллаб-қувватлаши ва муваффақият сари олға қадам ташлашга бўлган ишонч йўл давомида 120 километр масофани пиёда енгиб ўтишга ёрдам берди», - дея қайд этди у.

Йигитлар ўз саёҳатини жума куни эрта тонгда Мино водийсидаги йўлдан бошлаб 44 соатдан сўнг Ибн Батутта савдо маркази яқинида якунлашди.

Улар ўзларининг фейсбукдаги саҳифаларига «15 соатли уйқудан сўнг биз ўз ғалабамизни акс эттирувчи Ибн Батутта метросидаги суратимизни жойламоқдамиз» деган изоҳ билан бир қанча фотосуратларни ҳавола этишди.

Немо ва унинг ҳамкасби Дарко Димески узоқ вақт компьютер қаршисида ўтириб чарчаган тана ва онгига соғлом ва фойдали «пардоз» ҳадя этди.

«Биз профессионал спортчилар эмасмиз, лекин бу иш билан айтмоқчимизки, ҳар ким шу каби мушкул мақсадлар йўлида ўзининг профессионаллигини кўрсатмоғи лозим», - дейди саёҳатчилар.

Асли ватани Сербия бўлган Немо уч йилдан мери Абу-Дабида яшайди, Дарко эса македониялик бўлиб, мамлакатга бир ярим йил аввал ташриф буюрган.