Ўзбекистонда истеъмолчилар шикоятларининг 58 фоизи коммунал хизматлар юзасидан келиб тушган
Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, ўтган 2015 йилда Қўмита ва унинг ҳудудий органларига истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича жами 5141 та ариза ва шикоятлар келиб тушиб, шундан 3335 таси ёзма, 1806 таси ишонч телефони орқали тушган.
Ёзма аризаларнинг 92,5% истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинди ва 1325,5 млн. сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган. Ишонч телефони орқали тушган мурожаатларнинг 61,9% бўйича тегишли чоралар кўрилган ва 328,9 млн.сўм истеъмолчилар ҳисобига қайта ҳисоб-китоб қилинди, 38,1% бўйича Қўмита ваколатлари доирасида тегишли тушунтиришлар берилган.
Мурожаатларнинг 58 фоизи коммунал хизматлар соҳасига тегишли бўлиб, аксарият истеъмолчилар уй-жой-коммунал хизматлари тарифларини тўлашда юзага келаётган муаммоли вазиятлар, кўрсатилаётган коммунал хизматларининг сифати, қўшимча ҳақ ҳисоблаш каби ҳолатлар келтирилган.
Ўтган ҳисобот даврида энг кўп мурожаатлар Қўмита марказий аппаратига 1738 та, Тошкент шаҳар ҳудудий органига – 994 та, Андижон (397 та), Тошкент (333 та), Хоразм (290 та) вилоятларига тўғри келган.
2015 йил якунлари бўйича жами бўлиб 7732 та истеъмолчи қабул қилиниб, шундан 5049 таси газ таъминоти, 42558 таси электр таъминоти ва 117 таси бошқа коммунал хизматларга тўғри келган. Шундан, 5641 та мурожаатга тегишли тушунтиришлар берилди, 1757 та истеъмолчининг муаммоси жойида ҳал этилди. Умумий суммаси 391,1 млн.сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниб, шундан 226,5 млн.сўми газ таъминоти ва 164,6 млн.сўми электр таъминоти бўйича.