Россия ТИВ дипломатик ваколатхоналарига ҳужум сабабли Киевга нота юборди
Россия ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Киев, Одесса ва Львовдаги дипломатик ваколатхоналарига қилинган ҳужумлар сабабли Киевга норозилик нотаси юборди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова "Россия 24" телеканали орқали намойиш қилинган матбуот-анжуман давомида айтиб ўтди.
"Ташқи ишлар вазирлиги Украина ташқи ишлар вазирлигига нота юборди, унда Украина ҳукуматининг эътибори экстремистларнинг иғвогар ҳаракатларига қаратилган", деб айтди Захарова.
Захарованинг айтишича, украиналик фаолларнинг ҳаракатлари рағбатлантирилган, баъзида эса Олий рада депутатлари томонидан йўналтирилиб турилган.
Захарова бу ҳолат иғвогарликларнинг олдиндан режалаштирилганидан дарак беришини айтди.
Аввалроқ украиналик депутат Владимир Парасюк Россиянинг Львовдаги бош консуллиги биносидаги Россия байроғини юлиб олиб, уни намойишчилар олдига олиб чиққан. Намойишчилар байроқни қийқимларга бўлиб, ёқиб юборишган.
Одессада эса украиналик ҳарбий учувчи Надежда Савченкони қўллаб-қувватлаш намойиши иштирокчилари Россия консуллигига тухумлар улоқтиришган ва полиция билан тўқнашувга киришган.