Чикагода тўқнашувлар сабабли Дональд Трампнинг чиқишлари бекор қилинди
АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трампнинг Чикагода 11 март кечки пайт ўтказилиши режалаштирилган митинги воқеа жойига етиб келган унинг тарафдорлари ва душманлари орасида чиққан бир қатор тўқнашувлардан кейин бекор қилинди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.
Трампнинг сайловолди штаби вакили митинг бошланиши керак бўлган вақтдан ярим соат ўтгач саҳнага чиқиб, тадбир хавфсизлик нуқтаи назаридан бекор қилинганини эълон қилган. Сўнгра миллиардер штаби вакиллари митинг бошқа кун ўтказилишини айтишган, бироқ унинг аниқ санасини келтиришмаган.
Оломон эълонни эшитгач ашула айтиб, хурсандчилик қила бошлаган. Орада тўқнашувлар юзага келган, бироқ полиция жиддий тўқнашувлар юз берган жойларда Трампнинг тарафдорлари ва душманларини ажратиш учун чоралар кўрган.
Трамп нутқларидаги кескинлик унинг душманлари, жумладан у аъзоси ҳисобланадиган Республикачилар партияси томондан ҳам ёқимсиз қабул қилинади. Трамп ўз нутқларида, жумладан, АҚШда яшовчи мексикалик муҳожирлар ва мусулмонларга қарши "сиёсий томондан маъқул бўлмаган" фикрларни билдирган.
Бироқ бундай кескин фикрларга қарамасдан, миллиардер республикачилар номидан сайловларда иштирок этиш ҳуқуқини олиш пойгасида етакчилик қилмоқда.