"Челси" Англия кубогини тарк этди, Диего Коста рақибни тишлагани учун майдондан четлатилди
Англия кубогининг чоракфиналида "Эвертон" ўз майдонида 2:0 ҳисобида "Челси"ни мағлубиятга учратди ва мусобақанинг яримфиналига йўл олди. 2-бўлимда "ирисчалар" сафида "Челси"нинг собиқ ҳужумчиси Ромелу Лукаку дубль амалга оширди. Бельгиялик футболчи 77- ва 82-дақиқаларда ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди.
Учрашувда иккала жамоанинг ҳам биттадан ўйинчиси майдондан четлатилди. Аввал лондонликлар ҳужумчиси Диего Коста учрашувнинг 84-дақиқасида рақиби Гарет Барри билан тўқнашувда унинг бўйнидан тишлагани учун қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. 3 дақиқа ўтиб "жабрдийда" Баррининг ўзи ҳам иккинчи сариқ карточка учун майдондан четлатилди.
Энди Роберто Мартинес шогирдлари яримфиналда 13 мартда "Олд Траффорд" стадионида бўлиб ўтадиган "Манчестер Юнайтед" — "Вест Хэм" жуфтлиги ғолиби билан учрашади.
Англия кубоги. Чоракфинал
Эвертон – Челси – 2:0
Голлар: Лукаку, 77 (1:0); Лукаку, 82 (2:0).
Огоҳлантиришлар: Джагелка, 42; Барри, 84 – Коста, 11; Фабрегас, 62.
Четлатиш: Барри, 87 – Коста, 84.