Туркия самолётлари Анқара терактига жавобан Ироқда курдларни бомбардимон қилди
Туркия ҳарбий самолётлари 14 март куни Ироқ шимолидаги Курдистон ишчилар партияси ташкилоти марраларига зарбалар берди. Бу ҳақда Туркия армиясидаги манбага асосланган ҳолда Рейтер агентлиги хабар тарқатган.
Маълум қилинишича, бу ҳужумда туркияликларнинг 11та самолёти иштирок этган, улар 18та нуқтага зарбалар йўллашган. Ҳудуддаги ўқ-дори омборлари ва ташкилот аъзолари жойлашган бошпаналар бомбаланган.
Anadolu ахборот агентлиги хабарига кўра, бомбалаш ишларида 9та F-16 ва 2та F-4 русумли самолёт иштирок этган.
Қайд этиш керакки, бу авиазарбалар Туркия пойтахти Анқара шаҳрида 13 март куни кечаси содир этилган терактдан кейин амалга оширилди.
Портлаш 13 март куни маҳаллий вақт билан соат 18:43да, Анқаранинг Қизилой туманидаги автобус бекатларининг бирида, мамлакат бош вазирига қарашли офис яқинида, одамлар энг гавжум вақтда содир этилган. Миналаштирилган автомобиль одамлар минган икки автобус ўртасида портлатилган.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирга қадар 37 киши ҳаётдан кўз юмган, 125 киши жароҳат олган, 71 киши касалхоналарда қолмоқда.
Бу теракт учун жавобгарликни ҳеч қайси ташкилот ўз зиммасига олмади. Лекин Туркия ҳукумати бунда Курдистон ишчилар партиясини айблаган. Шунингдек, теракт ижрочиларидан бири ташкилотнинг 23 ёшли аъзоси экани айтилган.