Жаҳон | 16:21 / 17.03.2016
1951
2 дақиқада ўқилади

Skytrax дунёнинг энг яхши аэропортларини эълон қилди

Британиянинг авиаташувлар мониторингини олиб борувчи Skytrax тадқиқот компанияси ҳар йили чоп этиладиган дунёнинг энг яхши аэропортлари рейтингини эълон қилди. Рейтинг компаниянинг расмий сайтида жойлаштирилган.

Биринчи ўрин кетма-кет тўртинчи марта Сингапурнинг Чанги аэропортига насиб этди. Иккинчи ўринни Сеулнинг Инчон аэропорти ва учинчи ўринни эса Мюнхендаги аэропорт эгаллади.

Топ ўнталикни Доҳанинг Ҳамад номидаги аэропорти ёпиб берди, лекин 2015 йилдаги рейтингга (22-ўрин) нисбатан аэропортнинг бу йилги рейтинги 12тага (10-ўрин) кўтарилган.

Бундан ташқари, машҳур Дубай аэропорти ҳам катта ўзгаришларни кўрсатмоқда. 2015 йилда аэропортнинг рейтинги 39-ўрин бўлган бўлса, 2016 йилга келиб, унинг рейтинги 26-ўринни қайд этди.

Шуниси қизиқарлики, ўтган йилги рейтингда топ юзталикдан жой олмаган Мумбай халқаро аэропорти 141-ўриндан 64-ўринга, Ҳаной аэропорти 218-ўриндан 82-ўринга ва Қозон халқаро аэропорти 103-ўриндан 100-ўринга кўтарилган.

Шунингдек, Домодедово аэропорти (53-ўрин) Россия ва МДҲ мамлакатлари орасидаги энг яхши аэропорт номига муносиб топилди.

Skytrax World Airline Awards соврини авиаташувлар соҳаси бўйича бош соврин ҳисобланади. Сўровномалар 160 мамлакат орасида ўтказилади. Бу йил 13 миллиондан кўпроқ йўловчи қайси аэропорт энг яхши эканини аниқлаш мақсадида сўровномада қатнашишди.