Спорт | 20:06 / 20.03.2016
2123
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда барча олимпиячиларни допинг текширувдан ўтказиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бразилиядаги ёзги Олмипия ўйинлари олдидан Олимпия лицензияларини қўлга киритган барча ўзбекистонлик спортчиларни допингга синовдан ўтказмоқчи, деб маълум қилди МОҚнинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Баҳодир Ҳусанхўжаев.

Допинг-синовларни июнь-июль ойларида Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) расмий вакили иштирокида ўтказиш режалаштирилмоқда. Шундан кейин бу намуналар WADA’нинг минтақавий ваколатхонаси – Қозоғистонда жойлашган Марказий Осиё антидопинг агентлигига юборилади. Улар ўрганилгандан кейин Ўзбекистон МОҚ натижаларни олади.

“Жорий йилнинг ўзида 60 спортчини мусобақадан ташқари допинг-синовдан ўтказмоқчимиз. Таъкидлаш жоизки, охирги уч йил ичида бизнинг бирорта спортчида допингга ижобий намуна бўлмаган”, деб айтди Ҳусанхўжаев.

Ўзбекистон МОҚ вакили кўплаб олимпиячилар қонида милдронат моддаси аниқлангани билан боғлиқ вазиятни оддий эътиборсизлик деб атади. Унинг айтишича, WADA 2015 йил мартдаёқ барча спортчилар ва федерацияларни ўз сайти орқали бу дори воситаси ўрганилаётгани, у киритилган тақиқланган рўйхат кучга киришидан 3 ой аввалоқ чоп этилган.

Бундан ташқари, Ҳусанхўжаев шифокорлар, спортчилар ва федерациялар вакиллари билан алоқаларни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Мутахассис ҳозирда спортчилар касал бўлганда биринчи учраган дорихонадан дори воситаси сотиб олиб, сўнгра допинг-синовларда муаммоларга дуч келишлари ҳолатлари мавжудлигини таъкидлаб ўтди.

“Терма жамоалар шифокорларига спортчи исталган вақт уларга телефон қилиб, маслаҳат олиши учун телефонлари 24 соат давомида ишлаб туриши лозимлигини етказиш зарур. Спортчиларнинг ўзлари эса улар бирор-бир дорини фақатгина жамоа шифокори орқалигина қабул қилишлари кераклигини уқиб олишлари лозим”, деб айтди Ҳусанхўжаев.

Ҳусанхўжаевнинг айтишича, эътибор қаратиш керак бўлган яна бир муҳим жиҳат – бу тақиқланган воситалардан даволашда фойдаланишни тўғри расмийлаштиришдир, бу ҳозирда кўплаб спортчилар томонидан кенг фойдаланмоқда.

Ўзбекистон Олимпия ҳаракати тарихида шундай ҳолат икки марта бўлган. Бундай ҳолатлардан бирида федерациялардан бири ўз спортчисига тиббий кўрсатмалар бўйича зарур бўлган тақиқланган воситани укол қилган. Бир неча кундан кейин WADA эътирозлар билдирганда, барча жараён даволаш орқали расмийлаштирилгани учун ҳеч қандай муаммо бўлмаган.

“Бошқа ҳолат Лондон Олимпиадасида юз берган. Спортчимизга зудлик билан укол қилиш керак бўлган, бундан олдин барча зарурий ҳужжатлар қоида бўйича тўлдирилган ва ҳеч қандай муаммо юзага келмаган. Бундай вазиятларда тақиқланган воситаларни қўллаш тартибини аниқ билиш керак. Аввал шифокор МОҚга зарурий ҳужжатларни топширади, биз уни WADA’нинг минтақавий бўлимига берамиз, у ердан эса марказга жўнатилади. Бундан кейин WADA’нинг ўзи спортчига ва унинг шифокорига у бу воситани ишлатиш мумкин-мумкинмаслиги, қандай миқдорда ва қандай муддатларда ишлатиши бўйича тасдиқлов жўнатади”, деб айтди МОҚ мутахассиси.