Тожикистон президенти Наврўз ҳеч қандай дин билан боғлиқ эмаслигини айтди
Баҳорги тенгкунлик, яшариш байрами – Наврўз ҳеч қандай дин билан боғлиқ эмас, бу инсонпарварлик ва тинчликсевар анъаналаридан ташкил топган маданий байрам, деб айтди Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мамлакат зиёлилари билан анъанавий учрашувда.
“Айнан шу ўзига хос жиҳатлар эвазига Наврўз оммавий байрамга айланди. Бу ажойиб одат ўзининг эзгу сифатлари билан одамларнинг ирқий, миллий ва диний мансублигидан қатъий назар уларнинг уйига келди ва ҳар бир одамга бахт, хурсандчилик ва роҳат-фароғат олиб келди”, деб айтди Раҳмон.
Тожикистон президентининг таъкидлашича, Наврўз ҳақиқатда инсоният ёрқин маънавий хотирасининг бир қисми бўлиб, авлодларни бирлаштириб, дўстона алоқалар ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
“Наврўз одамлар қалбини адоват, нифоқ, шафқатсизликдан тозалайди, уларда дўстлик, биродарлик, муҳаббат, ҳурмат, садоқат, бирдамлик ва тинч-тотув яшаш туйғусини оширади, ҳар бир одамга фаровон ва бахтли ҳаётдан эзгу хабар олиб келади”, деб айтди Раҳмон.
Жорий йилда Наврўз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан халқаро байрам деб эълон қилинганига 6 йил тўлади. Тожикистон бу байрамга ушбу мақомнинг берилишида ташаббус билдирган давлатлардан бири бўлган.