Қозоғистонда парламент сайловлари натижалари эълон қилинди
Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 20 мартда мамлакатда бўлиб ўтган парламент сайловларида 7,5 млн аҳоли иштирок этди. Бу умумий сайловчиларнинг 77,1 фоизини ташкил қилади.
Мамлакатнинг энг йирик шаҳри Олмаотада бор-йўғи 34,1 фоиз сайловчи овоз берди. Бироқ шунга қарамай Олмаотада сайловларда иштирок этиш бўйича энг юқори – 94 фоизлик кўрсаткич қайд этилди.
Экзит-пол натижаларига кўра, Қозоғистоннинг етакчи “Нур Отан” партияси 82 фоиз йиғди. “Ак жол” демократик партияси ва Коммунистик партия 7 фоизлик чегарадан ўтди: сайлов участкаларидан чиқишда 75 минг сайловчи ўртасида ўтказилган сўровномага кўра партиялар мос равишда 7,22 ва 7,17 фоиз овоз тўплаган. «Ауил», «Бірлік» ва Қозоғистон умуммиллий социал-демократик партияси мос равишда 2,5, 1,21 ва 0,35 фоиз тўплади.
Шу тариқа парламентга 7 фоиздан кўпроқ овоз тўплаган учта партия – Нур Отан”, “Ак жол” демократик партияси ва Коммунистик партия ўтди.
Овоз бериш 9840 та сайлов участкасида бўлиб ўтди, улардан 65 таси Қозоғистоннинг хориждаги ваколатхоналарида фаолият юритди. Сайловчилар рўйхатига ҳаммаси бўлиб 9 791 165 фуқаро киритилган эди.
2012 йилдаги парламент сайловларида ҳам шунга ўхшаш натижалар кузатилганди: ўшанда “Нур Отан» 81 фоиз, «Ак жол» ва Компартия мос равишда 7,47 ва 7,19 фоиздан овоз тўплашга муваффақ бўлганди.