Panasonic “Ниндзя” экзоскелети ва ёрдамчи роботларни намойиш этди
Panasonic компанияси робототехникадаги янги изланишлари – экзоскелетлар, роботлаштирилган камзуллар, электротўшак ва ёрдамчи роботларни тақдим этди. Янгиликлар оғир меҳнат билан шуғулланувчилар – юк ташувчилар ва фермерлар ҳамда қариялар учун мўлжалланган.
AWN-03 экзоскелети 15 килограммгача бўлган юкларни ташиш учун инсонларга ёрдамчи сифатида ишлаб чиқилган. Сенсорлардан узатилувчи сигнал одамнинг ҳаракатларини қайд қилади, шундан сўнг, юк ташувчининг эгилишини таъминлаш учун ва белини ушлаб туриш учун моторга сигнал жўнатилади.
Шунингдек, инсонга юриш ва югуришга ёрдам берувчи “Ниндзя” номли бошқа бир экзоскелет ҳам намойиш қилинди. Бундай экзоскелет баланд тепаликларга чиқишда асқотади. Ҳозирги вақтда бу қурилма орқали юкларни тепаликларга кўтариб чиқиш учун Panasonic томонидан экзоскелетни такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Энг катта экзоскелет “Power Loader” номини олган бўлиб, қурилма қурувчилар ёки қутқарувчилар учун ишлаб чиқилган.
“Resyone” робот тўшаги электр қувватида ишловчи курси-аравача ва автоматик тиббиёт тўшагини ўз ичига олади. Қурилма иккига бўлиниб, бир қисми курси-аравачага айланади ва бу шифохонадаги ҳамшираларнинг ишини осонлаштиради.
“Self Reliance Support Robot” робот-ёрдамчиси ёши катталарга турмуш тарзларида одатий бўлган – тўшакдан туриш, ҳожатхонага ёки ювиниш хонасига бориш каби вазифаларни бажаришда ёрдам беради.