Фан-техника | 19:02 / 23.03.2016
2749
2 дақиқада ўқилади

Samsung Galaxy S7 мураккаб синовлардан ўтказилди

Samsung компаниясининг янги флагмани IP68 стандартидаги сув ва чангдан ҳимоя тизимини қўлга киритган. Бу эса, Galaxy S7 ва Galaxy S7 Edge смартфонларини бир метр чуқурликда сув остига 30 дақиқага шўнғишга чидай олишидан далолат беради. Табиийки, ушбу хусусиятни синаб кўрувчилар ҳам топилди. Бунинг учун қизиқувчан инсонлар мураккаб синовларни ўтказиб кўришди.

Бошида Galaxy S7 совуқга чидамлилиги синаб кўрилди. Бунинг учун улар қурилмани сув тўлдирилган идишга солиб, уни музлатгичга қўйишди ва қурилма у ерда икки соат бўлди. Бундай оғир синовга қарамай Жанубий Кореянинг янги смартфони ишлашни давом эттирди.

Сўнгра, қурилма ундан ҳам қийинроқ синовдан ўтказиб кўрилди. Galaxy S7 кир ювуш машинасига юборилди. Смартфон 45 дақиқали иссиқ сувда кир ювиш жараёнига дош бера олди. Шуниси маълум бўлдики, унга нафақат шикаст етмаган, балки янада ялтироқ бўлиб қолган.

Юқоридаги синовлардан сўнг, Galaxy S7 ҳақиқатан ҳам сувга чидамли эканлигига ишонч ҳосил қилса бўлади. Аммо бундай синовларни амалда бажариб кўришингизни маслаҳат бермаймиз.