Жаҳон | 12:21 / 24.03.2016
1954
2 дақиқада ўқилади

Обама ўз муваффақиятлари ҳақида гапирди

АҚШ президенти Барак Обама ўзини Куба, Эрон, Афғонистон, Мьянма билан муносабатларда муваффақиятга эришган деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у Аргентинага ташрифи якунига бағишланган Буэнос-Айресда бўлиб ўтган матбуот конференциясида маълум қилди.

Шу билан биргаликда, Обама режасидаги кўп ишларни, хусусан Яқин Шарқда, амалга оширолмаганини тан олди.

Ундан мамлакатга президент бўлиб сайланиш олдидан ўз олдига қўйган мақсадларини қанчалик бажаргани ҳақида сўралганда, у “Юз фоиз бажарилди деб айтолмайман, лекин кўп ишларни амалга оширдик”, деб жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтонда ҳукуматнинг бошқа бўлимлари билан батартиб ва конструктив натижага эришолмаган бўлса-да, у аввало ички сиёсат юритишда яхши натижаларга эришганини назарда тутган.

Суҳбат давомида Обама давлат президентлига кураш олиб бораётган пайтида Америка халқининг қадриятлари, иқтидори ва фазилатларини тўлиқ намоён қила олишига умид қилганини билдирди.

Шунингдек президент Куба, Эрон, Афғонистон, Мьнмада эришилган ютуқларни ҳам санаб ўтди.

Обама унинг маъмурияти амалга оширган ишлар “Американи ва, унингча, бутун дунёни кучлироқ ва яхшироқ қила олган”ига ишонади. Шунингдек, у ўзига “ҳалол ва самимий” деб баҳо бера олишидан мамнунлигини изҳор қилди. “Мен ўзим ишонмаган нарсалар ҳақида гапирмадим ва юзимни шувут қиладиган ишлар қилмадим”, - деди Барак Обама.