Ўзбекистонликлар Бош прокуратурага онлайн мурожаатлар йўллаш имконига эга бўлишди
23 март куни Ўзбекистон Бош прокуратуранинг расмий сайти (prokuratura.uz) янги версиясининг тақдимоти бўлиб ўтди.
«Сайтнинг янги талқини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талабларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган», — деди матбуот хизмати раҳбари Гулноза Раҳимова. Сайтнинг мобил талқини ва имконияти чекланган учун версияси ҳам пайдо бўлди.
Янги «Фаолият» блокида прокуратура органлари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоялаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақидаги ахборотлар жойлаштирилади.
Сайтда ҳудудий прокуратуралар ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар, Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаментининг саҳифалари ҳам тақдим қилинган. Эндиликда ҳудудий янгиликлар, прокурорлик назоратига оид маълумотлар билан танишиш мумкин.
«Интерактив хизматлар» блоки орқали фойдаланувчилар прокуратураларда фуқароларни қабул қилиш жадваллари билан танишиши ва интернет-қабулхона орқали мурожаат юбориши мумкин. «Ҳуқуқий консультация» бўлими орқали бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш имконияти яратилди.
Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари «Ҳужжатлар», қонунчиликдаги ўзгартиришлар ҳақидаги маълумотлар ҳамда ижтимоий муносабатларнинг турли соҳаларига оид амалдаги қонунчиликка тушунтиришлар «Янги қонунлар» бўлимларига жойлаштирилган.
Шунингдек, Бош прокуратура томонидан тайёрланган информацион теледастурлар, роликлар ҳамда фотогалереядан иборат «Медиатека» алоҳида блоки яратилди.