Тошкент прокурори шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди
Тошкент шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари тайинланди.
Шу кунга қадар Тошкент шаҳар прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Мирзоҳид Обидов шаҳар ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги сайтида маълум қилинган.
2011 йилдан бери Тошкент шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш, саноат ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келган Бахтиёр Раҳмонов ўз вазифасида қолган.
Нозим Хусанов шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.
Шунингдек, Отабек Содиқов шаҳар ҳокимининг ўринбосари — «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси, Фарида Абдураҳимова ҳоким ўринбосари — шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси, Шуҳрат Турдиқулов шаҳар ҳокимининг жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттириши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 24 февралдаги қарори билан вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимиятларининг бошқарув аппаратининг янгиланган тузилмаси тасдиқланди. Ўзгаришларга кўра, вилоятлар ва пойтахт ҳокимлари ўринбосарлари сони ҳокимнинг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари лавозимининг жорий этилиши ҳисобига беш нафардан олти нафарга оширилди.