Алишер Усмонов Илон Маск иштирокидаги лойиҳага сармоя киритди
Россиялик миллиардер Алишер Усмонов ва унинг ҳамкорларининг инвестицион фонди ҳайдовчисиз автомобилларга оптик датчиклар (лидарлар) ишлаб чиқарувчи америка компаниясига сармоя киритди. Бу ҳақда Усмонов "Россия 24" телеканалига маълум қилди.
"Бу жуда истиқболли соҳа, биз у ерда йирик акционер ҳисобланамиз. Фикримча, бу инвестицияларимиз учун салмоқли натижа берадиган илғор технология бўлади", деб айтди Усмонов.
Миллиардернинг таъкидлашича, гап сармоячилари орасида автомобилсозлик ва робототехника соҳасидаги йирик компаниялар бўлган, Силикон водийсидаги компаниялардан бири ҳақида кетмоқда. Лойиҳада америкалик миллиардер Илон Маск ҳам "билвосита" иштирок этмоқда. Усмонов компания номи, қанча сармоя киритгани ва компаниянинг қандай улушини сотиб олгани ҳақида ҳеч нарса айтмади ва битим яқин орада эълон қилинишини айтди.
Tesla Motors компанияси раҳбари Илон Маск лидарлар коинот аппаратларини туташтириш учун зарурлигини, бироқ автомобиллар учун керак эмаслигини айтган. Март бошидаги матбуот-анжуманда Маск унинг компанияси лидарлар ўрнига автомобилга атрофдаги барча нарсани кўрсатувчи 8 та камерадан иборат тизимдан фойдаланишни режалаштираётганини айтганди.