Нью-Йоркда “Йил автомобили” номи эълон қилинди
Нью-Йорк автосалонида World Car of the Year халқаро танловининг ғолиби аниқланди. Журналистларнинг (ҳакамлар ҳайъати 73 нафар экспертдан ташкил топган) энг кўп овозини тўплаган Mazda MX-5 “Йил автомобили” деб топилди. Автомобиллар оламининг энг нуфузли танловида ғалаба учун бор-йўғи 10та даъвогар машиналар кураш олиб борди.
Mazda MX-5 родстери Audi A4, BMW X1, Hyundai Tucson, Jaguar XE, Land Rover Discovery Sport, Mazda CX-3, Mercedes-Benz GLC, Skoda Superb ва Toyota Priusни ортда қолдирди. Бундан ташқари, родстер энг яхши дизайнга эга машина, деб ҳам эътироф этилди.
Тақдирлаш маросими доирасида асосий номинациядан ташқари, BMW 7-Series “Энг яхши ижрочи автомобиль” сифатида тақдирланди. Ушбу номинацияда Audi Q7, Jaguar XF, Mercedes-Benz GLE Coupe ва Volvo XC90 ҳам иштирок этган эди.
“Энг яхши спорт автомобили” номинациясида Audi R8 ғолиб бўлди. Немис спорткарининг рақиблари қаторида Chevrolet Camaro, Honda Civic Type R, Mercedes-AMG C63 Coupe ва Range Rover Sport SVR машиналари ҳам бор эди.
“Энг яхши яшил автомобиль” номига BMW 330, Chevrolet Volt, Toyota Prius, Toyota Mirai ва Volkswagen Passat GTE даъвогарлик қилди. Ҳакамлар ҳайъати 1-ўринни Toyota Mirai автомобилига берди.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда танлов ғолиби деб Mercedes-Benz C-Class топилганди. Немис седани BMW 2-Series Active Tourer, Volkswagen Passat B8, Nissan Qashqai ва Mazda2 ’ни ортда қолдирган эди.
“Йил автомобили”нинг биринчи тақдирлаш маросими 2005 йилда ўтказилган. Танловнинг илк ғолиби деб Audi A6 топилган.