Самвел Бабаян: "Қизил карточка Филиппин фойдасига хизмат қилди"
Жаҳон чемпионати-2018 иккинчи саралаш босқичи доирасидаги Ўзбекистон – Филиппин (1:0) учрашувидан кейин матбуот анжумани ўтказилди. Унинг иккинчи қисмида саволларга Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян жавоб берди.
"Қийин ўйин бўлди. Кеча рақиб яхши ташкил этилган жамоа экани айтгандим. Мураббийнинг ҳам қўли кўриниб турибди. Бугун 5-6та ўйинга етадиган хавфли вазият ярата олдик. Кўпчилик мутахассислар Филиппин терма жамоасини Малайзияга тенглаштиришганди. Бундан ҳайрон қолгандим. Рақиб посбони Англияда ўйнайди, у "Челси" мактабини тугатган. Қизил карточка Филиппинга қўл келди, улар бутун жамоа билан ҳимояда ўйнади. Бугун ғалаба қозондик ва гуруҳ пешқадами бўлиб олдик. Бу — энг муҳими.
Кеча кўпчилик йирик ҳисобда ютасизларми ёки чиройли ўйин кўрсатасизми деганди. Мен асосийси ғалаба қозониш, деб айтган эдим. Бунга эришдик. Филиппинга паст назар билан қараш керак эмас. Рақиб сафида деярли маҳаллий футболчилар йўқ, барчаси Европада таҳсил олган. Рақиб дарвозабони Англия учинчи дивизионида ўйнайди. Агар бугунги ўйинни томоша қилишган бўлишса, Премьер лига клублари уни ўз сафларига қўшиб олиш ҳақида ўйлаб кўришлари мумкин. У учрашувнинг энг яхши футболчиси эди”, — дейди Самвел Бабаян.