“Бодомзор”да Captiva уриб юборган уч фарзанднинг онаси вафот этди
Аввалроқ “Бодомзор” маҳалласида Captiva ҳайдовчиси уриб юборган 39 ёшли Насиба Қосимова Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг Жонлантириш бўлимида жуда оғир аҳволда ётгани ҳақида хабар берган эдик. Бироз аввал 3 нафар фарзанднинг онаси бўлган Насиба Қосимованинг жони узилди. Бу ҳақда марҳумнинг яқин қариндоши Неъмат Хотамов маълумотига асосланиб, “Qalampir.uz” хабар бермоқда.
Воқеа 22 март куни соат 07:30 лар атрофида содир бўлганди. Катта тезликда маҳалла бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Captiva Насиба Қосимовани уриб юборади. Натижада жабрланувчи 15 метр нарига бориб тушиб, оғир жароҳат олади. Ҳайдовчи эса воқеа жойидан қочишга уруниб, йўлдаги Spark ва Cobalt автомобилларига ҳам шикаст етказади. Captiva’ни бир кўришда таниш жуда қийин. Гувоҳларнинг ижтимоий тармоқлар орқали билдираётган фикрларига қараганда, машинани ёш қиз бошқараётган бўлган. Машинадан тушган икки йигит ва бир қиз жуфтакни ростлашган. Насиба Қосимова аввалига Тошкент шаҳар 7-сон клиник шифохонасига жойлаштирилди. Сўнг Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига ўтказилди.