Жанубий Африка клубларидан бирининг дарвозабони рақибларга қарши антиқа "айёрлик" ишлатмоқда
Фубол бўйича Жанубий Африка Республикаси миллий чемпионатида "Марицбург Юнайтед" ва "Голден Эрроуз" клублари ўртасидаги учрашувда мезбонлар дарвозабони 30 ёшли бельгиялик Гленн Вербаувхеде рақибларга қарши антиқа усулда "айёрлик" ишлатди.
Дарвозабон рақиб ўйинчиларни ўз ёнига чорлаб туриб, улар яқинлашганда уларга боши билан олдинга сакраган ҳолда ташланган. Унинг бундай ҳаракатлари ўз "натижасини" берди: ўйиндаги эпизодлардан бирида рақиб жамоа ҳужумчиси Райан Чепмэн Вербаувхедега қўполлик ишлатди деб топилиб, сариқ карточка олди. Ваҳоланки, ушбу ҳолат тасвирланган видеода дарвозабоннинг ўзи футболчига нисбатан айёрлик ишлатганини кўриш мумкин.
Учрашув 2:0 ҳисобида Вербаувхеде жамоаси ҳисобига якунланди.
Бу икки жамоа ўртасидаги аввалги учрашувда ҳам дарвозабон ўзини "кўрсатган" эди: у "Эрроуз"нинг ҳужумчисига икки маротаба оёғини олдинга қилган ҳолда сакраган, бироқ бунда унинг жамоадоши рақибни туртгани учун сариқ карточка олган эди.
2013 йилда Вербаувхеде интервьюлардан бирида 14 ёшида дарвозабон бўлгани ҳақида гапириб берган: "Бу менга тўғри келади. Дарвозабон бўлиш учун телба бўлиш керак, деган гап юради. Ва буни айтганлар қандайдир тарзда ҳақдирлар", деб айтганди дарвозабон.
2012 йилда бельгиялик футболчи жароҳат олгани сабабли Англиянинг "Вестхэм" ва "Саутхэмптон" клубларига ўта олмаганди. Шундан кейин унинг агенти унга ЖАРдаги клубдан иш топиб берганди.