Нью-Йоркдаги халқаро автокўргазманинг 5та энг ёрқин намунаси
Автооламдаги янги ихтиролар Детройтдаги автосалонда, энг замонавийлари Женевада, юқори технологияли машиналар Лос- Анжелесдаги кўргазмада намойиш этилади. Бироқ, Манхэттендаги бу йилги кўргазма ҳам қизиқарли бўлиши кутилмоқда. 25 март куни Javits Centerда очиладиган автосалон янгиликларга бой бўлиши тахмин қилинмоқда. Блумберг агентлиги ушбу воқеага доир ўзида мавжуд маълумотлар билан ўртоқлашди. Қуйида Нью-йорк автосалонида намойиш этилиши кутилаётган 5та янгилик билан танишинг.
1. Acura MDX (2017)
Япониянинг Acura компанияси ишлаб чиқарувчи йўлтанламасларга Америкада қизиқиш катта бўлсада, ўтган йили бу модель савдоси 11%га пасайган. Аммо MDX савдолар бўйича BMW X5дан кўпроқ сотилган.
2. Nissan GT-R (2017)
Nissan GT-R нинг автомобиль бозоридаги ўрнини баҳолаш анча мушкул. У Годзилла номи билан япон дрифтерларидан тортиб Дубай шайхларигача бутун дунёда машҳур. Шунга қарамай, сўнгги вақтларда GT-R ҳам бозорда ўз ўрнини бўшатиб қўймоқда.
3. Lincoln Navigator (2017)
Улкан жип ҳар доим кишининг диққатини тортиши аниқ. Гарчи Америка автосаноати қимматбаҳо седан ва купелар ишлаб чиқариш бўйича бошқа етакчилардан ортда бўлсада, жиплар ишлаб чиқаришда Детройтга етадигани йўқ. Муаммо шундаки, ўтган йили сотилган ҳар бир Lincoln Navigator ҳиссасига 3та General Motors ишлаб чиққан Cadillac Escalade тўғри келади.
4. Toyota Highlander (2017)
Албатта, Toyota Lincolnнинг тантанасини йўққа чиқаришга ҳаракат қилиб кўради. Дастлаб, Highlander ҳашаматли ҳисобланмасди, аммо йиллар ўтиши билан моделда янги имкониятлар пайдо бўлди. Эндиликда унда бир нечта экран, Wi-Fi портларни кўриш мумкин. TrueCar таҳлилчиси Эрик Лайманнинг башорат қилишича, янги Highlander Prius ва Lexusнинг айрим жиҳатларини ўзида мужассам этади. Тасаввур қилинг: сиз 7 кишилик «спорткар» эгасисиз!
5. Subaru Impreza (2017)
Бугунги кунда Subaru’нинг асосий "бошоғриғи" шундаки, компания талабга жавоб бера олмаяпти. Албатта, мижозлар анча дабдабали, хавфсиз ва кенг бўлган Forester ҳамда Outback’ни харид қилишга ошиқадилар. Ихчамгина Impreza хетчбеки эса Subaru учун унчалик ҳам муҳим эмас. Аммо, шу ҳафтада бизга намойиш этиладиган модель компаниянинг ягона янги платформаси негизида ишлаб чиқарилади.
Гарчи, Нью-Йорк автосалонида ушбу автомобиллар намойишига барча интиқ бўлсада, унутманг, кутилмаган ҳодисалар ҳар доим рўй бериши мумкин.