Сурия армияси Пальмирани тўла озод қилди
Сурия армияси жангчилари ва кўнгиллилар отрядлари Пальмира шаҳрини ИШИД қўлидан бутунлай озод қилди. Бу ҳақда ҳарбий манбасига асосланган ҳолда Франс Пресс нашри хабар тарқатган.
"Тунда олиб борилган жанглардан кейин ҳукумат армияси Пальмиранинг қадимий қисми ва аҳоли яшайдиган бошқа ҳудудларини ҳам ИШИД жангариларидан тўла озод қилган", дейилади хабарда
26 март куни Россия ҳарбий самолётлари Пальмира яқинидаги ҳужумларни қўллаб-қувватлаш учун 41 та парвозни амалга оширгани ва бу ҳужумлар натижасида жангариларнинг 146та объекти, жумладан, бошқарув пунктлари, ўқ-дори омборлари, артиллерия қурилмалари, танк ва автомобиль техникаси йўқ қилингани ҳақида хабар берилганди.
Аввалроқ Сурия армиясининг ҳукумат қўшинлари ИШИД жангариларидан Пальмира шаҳри қўрғонини олиб қўйгани хабар қилинганди.
Пальмира (Тадмор) стратегик жиҳатдан муҳим шаҳар ҳисобланади. Шаҳар Дамашқни Суриянинг шарқий қисми билан боғловчи йўлда жойлашган.
ЮНЕСКОнинг инсоният мерослари рўйхатига киритилган қадимий Пальмира шаҳри 2015 йилнинг май ойида ИШИД жангарилари томонидан эгаллаб олинганди. Жангарилар бу шаҳардаги бир қатор маданий обидаларни портлатиб йўқ қилди.
Ҳукумат армияси 23 март куни шаҳарни озод қилиш учун юриш бошлаганди.