Миллиардер Гуцериев ўғлининг тўйида хизмат қилган хонандаларнинг олган хизмат ҳақлари маълум бўлди
Россиянинг энг бадавлат одамларидан бири бўлган миллиардер Михаил Гуцериев ўғли Саиднинг 26 мартдаги тўйи икки кундан бери "одамлар оғзидан тушмаяпти". "РуссНефть" компанияси эгаси ва шу билан бирга бўш вақтида шеър ёзиб турувчи миллиардернинг ўғли тўйида дунё миқёсидаги юлдузлар: Женнифер Лопес, Стинг, Хулио Иглесиас хизмат қилдилар. Тўй якунланишига яқин Россия эстрадаси примадоннаси Алла Пугачёва ўз қўшиқлари билан меҳмонларни хушнуд қилди.
У жумладан ўзининг "Любовь, похожая на сон" (Тушга ўхшаш муҳаббат) қўшиғини ижро қилиб берди.
Миллиардер қўшиқчиларнинг хизматлари учун умумий ҳисобда 3 млн доллар "атаб юборди". Энг катта хизмат ҳақини Женнифер Лопес олди: қўшиқчига хизматлари учун 1 млн евро тўланди. Стинг ва Ҳулио Иглесиас 500 минг евродан ҳақ олишди. Пугачёвага эса хизматлари учун сал камроқ – 300 минг евро тўланган. Қолган пуллар бошқа хонандалар орасида тақсимланган.
Саид Гуцериев ва унинг қаллиғи Хадича Ужахованинг тўйи Москвадаги "Сафиса" ресторанида бўлиб ўтди.
Тўйнинг ўзига тортган жиҳатларидан бири шу бўлдики, келин либоси алоҳида буюртма бўйича ливанлик модельер модалар уйида тайёрланди. Турли тошлар билан безалган ва узун шлейфга эга бўлган кўйлакнинг оғирлиги 25 кг ни ташкил қилган. "Гўзаллик қурбонлар талаб қилади" деганларидек, келинга бундай оғир кўйлакни кийиб юриш осон бўлмади. Ҳаттоки шундай вазият бўлдики, келин зиналардан кўтарилаётганда муаммога дуч келди. Унга ёрдамга яқинлари ва дугоналари келдилар ва анъанани бузишларига тўғри келди: ингуш урф-одатларига кўра, келиннинг никоҳ кўйлагига бошқа қизлар қўл текказишлари мумкин эмас.
Ёшлар тантаналарни Лондонда давом эттирадиган бўлишди.