Иқтисодиёт | 11:22 / 28.03.2016
3276
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2015 йили 15,7 млрд доллар инвестиция ўзлаштирилди

Ўзбекистон 2015 йилнинг 12 ойи давомида инвестициявий муҳитни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари билан биргаликда, юқори технологияли ва замонавий муҳим объектлар ва қувватларни ишга туширишни жадаллаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш жараёнларини чуқурлаштиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатнинг амалга оширилиши доирасида 40,737 трлн сўмлик (15,7 миллиард долларлик) инвестицияларни ўзлаштирди.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, бу орқали 2014 йилги кўрсаткичлар 9,6 фоизга яхшиланган.

Ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажмининг 23,8 фоизини чет эл инвестиция ва кредитлари ташкил қилди. Уларнинг ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,7 фоиз ўсди.

Хорижий инвестицияларнинг 59,1 фоизи (2014 йили 59,9 фоиз) ёқилғи-энергетика соҳасига, 19,2 фоизи (2014 йили 22,1 фоиз) транспорт ва алоқа соҳасига, 3,6 фоизи (2014 йили 1,3 фоиз) енгил саноат соҳасига, 1,4 фоизи (2014 йили 0,8 фоиз) кимё ва нефткимё саноатига жалб этилган.