Саратовда наркобизнес билан шуғулланган 5 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди
Саратов вилоят суди Россия ҳудудида героин сотиш билан шуғулланган уюшган тўдани ташкил этиш ва унда иштирок этишда гумон қилинаётган 5 нафар ўзбекистонликнинг ҳибсга олинишига рухсат берди. Бу ҳақда вилоят наркотикларни назорат қилиш бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Элина Чернаяга иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги маълум қилди.
Тергов версиясига кўра, уюшган жиноий тўда Саратов, Иванова вилоятлари ва Россиянинг бошқа ҳудудларида наркотикларни етказиб бериш ва сотиш билан шуғулланган. Наркополициячиларнинг аниқлашича, тўда таркибига Россияга махфий жойларга беркитилган героинни сотиш учун келган ўзбекистонликлар ҳам кирган.
"Тўдадан 3 кг героин тортиб олинган, наркотиклар сотиш билан боғлиқ 10 га яқин жиноят ҳужжат билан тасдиқланган", деб айтди Черная.
Унинг айтишича, тергов тўданинг ташкилотчиси хорижда бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
"Маълум бўлишича, тўда уюшган гуруҳлардан ташкил топган ва ҳибсга олинган беш кишидан 2 нафари тўда ичидаги гуруҳ ташкитлотчиси, қолганлари аъзолари бўлган", деб айтди Черная ва ҳибсга олинганларнинг ёши 25 дан 27 гача эканлигини қўшимча қилди.
Ушбу ҳолат юзасидан "жиноий тўдани ташкил этиш ва унда иштирок этиш" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди, унга кўра 20 йилгача озодликдан маҳрум этиш кўзда тутилган.