Саудия Арабистони асосий нефть бозорларида ўз улушини йўқотди
Саудия Арабистони 2013 йилдан 2015 йилгача у учун 15 та муҳим давлатдан 9 тасида ўзининг нефть бозоридаги улушини ушлаб қололмади, деб ёзди FGE консалтинг гуруҳи томонидан нефть импорти борасида йиғилган маълумотларга иқтибос келтирган ҳолда Financial Times нашри.
FGE маълумотларига кўра, Саудия Арабистонининг Хитойга етказиб бериладиган умумий нефть ҳажмидаги улуши 2013 йилда 19 фоиздан кўпроқни ташкил қилган бўлса, 2015 йилда бу қиймат 15 фоизни ташкил қилди. Саудия Арабистонининг улуши қисқаришига Хитойга Россиядан нефть етказилиши ҳажми ўсиши сабаб бўлган. Мамлакатнинг ЖАРдаги нефть етказиб бериш улуши 3 йил ичида Нигерия ва Анголадан нефть етказилиши ортида 53 фоиздан 22 фоизгача камайиб кетган.
Саудия Арабистонининг АҚШга етказиб берадиган нефть ҳажми 17 фоиздан 15 фоизга камайди. Бундан ташқари, Саудия Арабистони Жанубий Корея, Таиланд, Тайвань ва Ғарбий Европанинг бир қатор давлатларида рақобатчиларига ўз мавқеини бой бериб қўйди. Бироқ Саудия Арабистони шу билан бирга Бразилия, Ҳиндистон ва Японияга етказиб берадиган нефть ҳажмини оширди.
Саудия Арабистонининг 2015 йилда глобал бозордаги улуши бирозга ошган, бироқ 2013 йилдаги кўрсаткичга етмаган. Мамлакат 2015 йилда нефтга дунё талабининг 8,1 фоизини қоплаган. 2014 йилда бу кўрсаткич 7,9 фоизни, 2013 йилда эса 8,5 фоизни ташкил қилган.
Saudi Aramco давлат нефть компанияси бунга изоҳ беришни истамади.