Жаҳон | 23:24 / 30.03.2016
12335
8 дақиқада ўқилади

Дубайда 2020 йилгача барпо этилувчи 10та ажойиб лойиҳа

Дубайнинг барча ҳудудлари бўйлаб сайёҳлар учун мўлжалланган асосий кўнгилочар жойларда янги бинолар барпо этилаётгани ҳақида эълон қилинмоқда. Сўнгги лойиҳалардан бири бўлган Al Mamzar Beachfront учун 10 миллиард дирҳам сарфланган бўлиб, у Dubai World Central ривожига катта ҳисса қўшади.

Миллиардлаб дирҳамлар сарф этилган Bluewaters ороли, Dubai Creek Harbor, Dubai Water Canal ва Дубайнинг турли йўналишдаги истироҳат боғларида қурилиш ишлари бошлаб юборилган бўлиб, улар Al Mamzar лойиҳаси ва Aladdin шаҳри каби келажакда дунёни лол қолдириши кўзда тутилган.

Мазкур кўнгилочар масканларнинг кўпчилиги 2020 йилдан аввалроқ ишга туширилиши режалаштирилган. Сабаби, айнан шу йилда Дубай Экспо-2020 кўргазмаси ташкил этилади. 

Эътиборингизга ҳайратланарли лойиҳалар рўйхатини ҳавола этамиз:

1.  Келажак музейи

Дубайнинг Ижрочи кенгаши раиси, шахзода, шунингдек, келажак музейининг кенгаш раиси Шайх Ҳамдам бин Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум бу лойиҳани амалга ошириш учун янги инновацияни жорий этишда муҳим роль ўйнади. 

Шайх Зайид кўчасидан узоқ бўлмаган Emirates Towers туманида жойлашган янги лойиҳанинг қурилиш ишлари 2017 йилда якунланиб, у ташриф буюрувчиларга замонавий ва интерфаол намойишлар орқали келажакни кўриш имконига эга энг яхши инновацион муҳитни яратиб беради. 

Музейда халқаро анжуманлар, сўнгги илмий ўзгаришлар, дизайн ва инновация бўйича махсус амалий машғулотлари ўтказилади. 

2.  Bluewaters ороли

Bluewaters оролида дунёдаги энг катта чархпалак бўлиши кутилаётган Dubai Eye’нинг қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Шунингдек, Йўл ва транспорт агентлиги (RTA) Мainland лойиҳаси билан ҳамкорлик учун 475 миллион дирҳамлик шартнома имзолади. 

Айлана чарҳпалакдан ташқари, лойиҳа доирасида турар-жойлар, меҳмонхона ва кўнгилочар ҳудудлар ҳам қад ростлайди. Шунингдек, беш юлдузли меҳмонхона бутиклари ишга туширилади. Оролга ҳар йили уч миллиондан ортиқ меҳмонлар ташриф буюриши тахмин қилинмоқда.  

6 миллиард дирҳам ҳисобида маблағ сарфланган Bluewaters ороли дунёдаги энг йирик сайёҳлик маскани бўлиши кутилмоқда. Орол таниқли Jumeirah Beach Residence яқинида барпо этилиб, лойиҳани Meraas Holdings дастурчилари амалга оширади. 

3.  Dubai Frame

Жорий йилнинг ўрталарига келиб, Дубай шаҳар ҳокимлиги биринчи рақамли глобал сайёҳлик рамкасини қуриб битказишни мақсад қилиб қўйган.

Бу ҳайбатли тўртбурчак рамка Zabeel истироҳат боғида жойлашган. У ташриф буюрувчилар учун Дубайнинг аввалги ва янги кўринишини намойиш этади. Рамка кенглиги – 93 метр, баландлиги эса – 150 метр бўлиб, у орқали Дубайнинг бир қанча замонавий масканларини томоша қилиш мумкин. Бир томондан Амирлик миноралари ва Бурж Халифа кўриниб турса, яна бир тарафдан меҳмонлар шаҳарнинг Deira, Umm Harare ва Karama каби эски қисмларини томоша қилишлари мумкин.

4.   Dubai Creek Harbour

Emaar Properties ва Dubai Holding компаниялари дунёнинг энг баланд эгизак миноралари бўлиши кутилаётган лойиҳани амалга ошириш ишларини бошлаб юборди. 

Унинг катталиги Downtown Dubai’дан уч маротаба катта бўлиши кутилмоқда ҳамда Dubai Creek ва Ras Al Khorга ёнма-ён жойлашган бўлади. У ўз ичига 3664 идоралар, саккиз миллион квадрат метр чакана савдо майдонлари ва 4400 хонага эга бўлган 22 меҳмонхонани сиғдириши кўзда тутилган.

5.  Dubai Water Canal

 Йўл ва транспорт маъмурияти 2 миллион дирҳамли сув канали лойиҳаси қурилиш ишларининг 33 фоизи якунига етганини қайд этди. 

Al Wasl Road кўчасида жойлашган кўприкнинг қурилиш ишлари ҳам қизғин давом этмоқда. Лойиҳа 2016 йилнинг ўрталарига келиб, қуриб битказилиши кутилмоқда. 

Канал лойиҳасининг уч босқичи ҳам Safa боғи ичидан йўл ости каналининг қазилма ишлари билан бир вақтда амалга оширилмоқда. 

Қурилиш ишлари 2013 йилнинг октябрь ойида бошланган бўлиб, унинг суратлари орқали Dubai Creek’нинг 3 метрга чўзилгани ва канал Business Bay ҳамда Форс кўрфазини ўзаро боғлаб туришини кўриш мумкин. 

Сув йўли узунлиги уч метргача чўзилади ва кенглиги 80дан 120 метр диапазонгача бўлади.

6.  Дубайнинг турли йўналишдаги истироҳат боғлари

Дубайнинг курорт ва истироҳат боғлари раҳбарияти қурилиш ишларининг 17 фоизи ҳамда ишлаб чиқариш ва муҳандислик ишларининг эса 40 фоизи бажариб бўлинганлигини хабар қилди. 

2016 йилнинг октябрь ойида учта мавзули боғнинг очилиш маросими ўтказилади: Motiongate Dubai, Bollywood боғи ва Legoland Dubai.

Bollywood боғи билан Rajmahal театри қурилиш ишларининг 30 фоизи тугатилди. Театр 60 000 квадрат футли саҳнани ўз ичига олган бўлиб, у ерда Болливудга оид турли чиқишлар намойиш этилади. 

Legoland боғида эса 15 000 моделлардан иборат 60 миллионга яқин индивидуал бўлимлар ташкил этилади. Мазкур боғ ўн икки ёшгача бўлган болалар учун хизмат қилади. 

7.  Deira Island

Бу лойиҳа орқали оролчада 750 хонага мўлжалланган пляжли курортни қуриш учун Spain’s RIU Hotels & Resorts билан ҳамкорлик қилинмоқда. Унинг ҳудуди 1600 гектар майдонни ўз ичига олган бўлиб, уч гектари меҳмонхона ва курортларга, 424 гектари эса кенг қиррали мажмуалар қуришга сафарбар қилинган. Тунги савдо марказлари лангар бозорлари билан бирга 1400га яқин ресторанларни ўз ичига олади.

Шунингдек, бу ерда 30 000 кишига мўлжалланган амфитеатр қад ростлайди. 

8.  MBR City - District One 

Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум (MBR) шаҳри – биринчи ҳудуднинг дастурчиси Мейдан Собҳа бу лойиҳага 10 миллион доллар маблағ ажратилганини маълум қилди. Виллалар қурилишининг биринчи босқичи 2016 йил ўрталарида, иккинчи босқичи эса 2017 йилда ўз ниҳоясига етади. 

Вертикал йўналишдаги конструкциялар, жумладан, 8,8 километрли велосипед ва югуриш йўлакчаларида инфратузилма ишлари жадал давом этмоқда. Айни дамда қурилиш 4000га яқин ишчини қамраб олган бўлиб, яқин ойлар ичида ишчилар сони 7000га етиши кутилмоқда.

Шаҳарча 1100 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, дунёдаги энг йирик сунъий соҳил - Crystal Lagoons  ва 14 метрли тахта-кўприкни ўз ичига олади.

9.  Aladdin City 

Оловуддин ва Синбад ҳикояларидан илҳом олиб яратилган Aladdin City лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнлари ўз ниҳоясига етиш арафасида. 

2013 йилда барпо этилиши эълон қилинган мазкур лойиҳа тижорат ва меҳмонхона масканларини ўз ичига олган учта катта минорадан ташкил топади. Миноралар Dubai Creek’дан 450 метр  масофада жойлашган. Минора кўприкларида кондиционерлар ишлайди, улар автомобиль йўллари ва тўхташ жойларни бирлаштириш учун хизмат қилади. 

10.  Al Mamzar Beachfront

Ал Мамзар пляжли лойиҳасининг бошланғич қиймати 10 миллиард дирҳам миқдорида белгиланган. Ўн миллион квадрат фут майдонни эгаллаган мазкур лойиҳада 4000та турар-жой, 300 меҳмонхоналар, 250000 квадрат метрли савдо марказлари ва ўсимликлар билан ўралган 3,5 километрли йўловчилар учун махсус йўлакчалар барпо этилади. 

“Биз лойиҳа устида қизғин иш олиб бормоқдамиз. Лойиҳа дизайни тасдиқдан ўтди. Кўплаб сайёҳларни жалб этувчи мазкур масканнинг қурилиш ишлари кейинги йилнинг бошида амалга оширилади”, - дейди Мухандислик ва лойиҳалаштириш секторининг директор бош ёрдамчиси Абдулла Муҳаммад Рафиа.

Манба: xabardor.uz