Спорт | 14:58 / 30.03.2016
3033
2 дақиқада ўқилади

Мисрликлар Месси томонидан ҳақоратланганликларини айтишмоқда

"Барселона" жамоасининг аргентиналик футболчиси Лионель Месси "тарихий можаро" марказида қолди.

У MBC MASR телеканалига берган интервьюсидан кейин бир қатор мисрликларнинг ғазабли муносабатларига дучор бўлди.

Гап шундаки, футболчи интервьюда ўз бутсаларини кимошди савдосига қўйиб, ундан тушган маблағни Мисрда хайрия ишлари учун тақдим этиш ниятида эканини билдирганди.

Ahram Online нашрининг ёзишича, унинг гаплари бир қанча мисрликларнинг ҳамиятига теккан ва улар ўзларини Месси томонидан ҳақоратлангандек сезишмоқда.

"Биз 7 минг йиллик цивилизациямиз давомида ҳеч қачон бундай ҳақоратланишга учрамагандик. Мен ўз туфлим билан сенинг таъзирингни бериб қўяман, Месси. Мана менинг туфлим, уни Аргентинага хайрия қилмоқчиман", – дейди Миср парламенти аъзоси Саид Асасин маҳаллий телевидения эфирлардан бири орқали.

Миср футбол ассоциацияси матбуот котиби Азми Мегаҳед ҳам Месси гапларидан норозилигини билдириб ўтган.

"Бизнинг ночорларга Месси керак эмас. Бутсалар футбол ўйнаш учун чиқарилган. Мен жуда ранжидим. У ушбу ишораси билан бизни камситишни ният қилган бўлса, бутсаларини ўзининг бошига ёки уни қўллаб-қувватлайдиганларнинг бошига кийдириш керак. Бизга унинг бутсалари керак эмас. Бизга унинг хайрияси керак эмас, унингдек инсонпарвар яҳудий бизга керак эмас. Бутсаларингни аргентиналикларга бер, у ерда камбағаллар тўлиб кетган", – дейди Азми Мегаҳед.

Ўз навбатида, мисрликлар орасида Мессининг ёнини олиб чиққанлар ҳам бўлди. Хусусан, собиқ футболчи, ҳозирда мураббий сифатида фаолият юритаётган Мидо твиттерда бу ҳақда ёзди.

"Ёзувчининг энг қимматбаҳо ашёси – қалам, футболчининг энг қимматбаҳо буюми эса бутсаси ҳисобланади", – дейди у.