Иқтисодиёт | 19:06 / 30.03.2016
5715
1 дақиқада ўқилади

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 2016 йилда 6,9 фоизни ташкил қилишини прогноз қилди

Ташқи бозорлардаги ноқулай вазият туфайли Ўзбекистонда иқтисодиёт ўсиши 2016 йилда 6,9 фоизни ташкил қилади, дейилмоқда Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) "Осиё ривожланиш шарҳи 2016" (Asian Development Outlook) деб номланувчи ҳисоботида.

ОТБ 2015 йил сентябрда 2016 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 7 фоизни ташкил қилишини прогноз қилганди. Ўзбекистон ҳукумати бу кўрсаткични 7,8 фоиз даражасида прогноз қилмоқда.

ОТБ экспертлари прогнозларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2017 йилда 7,3 фоизни ташкил қилади. 2015 йил сентябрда банк бу кўрсаткич 7,2 фоизни ташкил қилишини тахмин қилганди.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари ҳисобланадиган давлатлардаги иқтисодий вазият ва баъзи экспорт маҳсулотларига нархларнинг пасайиши Ўзбекистон ЯИМ ўсишига таъсир кўрсатади.

"Осиё ривожланиш шарҳи" ва "Осиё ривожланишининг янгиланган шарҳи" – ОТБнинг асосий иқтисодий нашрлари бўлиб, улар ўзида Осиё ва Тинч океани минтақаси давлатлари иқтисодиётлари таҳлили ва улар учун прогнозларни акс эттиради.