Жаҳон | 16:01 / 30.03.2016
2571
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея ҳукумати халқини очликка тайёр туришга чақирди

Шимолий Корея халқи яна бир бор очликни қарши олишга тайёрланмоқда. Илгари, аниқроғи, 1990 йилда КХДРда тўрт йиллик очлик кузатилган эди. Бу ҳақда Корея Меҳнат партияси нашри бўлмиш “Нодон синмун” газетаси маълумотига асосланиб, The Telegraph хабар бермоқда.

“Инқилоб йўли узоқ ва машаққатли бўлади, — дейилади мақолада. — Биз балки, ўтган сафарникидек, очликка йўлиқиб, ўсимликлар томири билан озиқланишимизга тўғри келар”.

“Агар бизга ҳаёт билан видолашув тўғри келса ҳам, умримиз сўнгига қадар раҳнамоимиз Ким Чен Инга содиқ қоламиз”, — деб ёзади нашр.

Газетада чиққан мақолада Ғарб мамлакатларининг КХДРга нисбатан қўллаган янги санкциялари ҳақида гап боради. Март ойида АҚШ президенти Барак Обама томонидан КХДРга қўйилган янги чекловларга мувофиқ АҚШнинг бирорта компанияси Шимолий Кореа билан савдо-сотиқ, молия, транспорт, тоғ-кончилик саноати ва энергетика соҳасида ҳамкорлик қилмайди.

Бундан ташқари, 2 мартдан бошлаб БМТ Хавфсизлик Кенгашининг янги санкциялари ҳам ушбу мамлакатга қарши қўлланилди. Унда Шимолий Кореага борадиган ва ундан келаётган юк машиналари мажбурий текширувдан ўтказилиши, ўқотар қурол сотиш ва ташишнинг тақиқлови кабилар жой олган.