Давлат рақобат қўмитаси томонидан Тошкентдаги айрим ресторанларнинг рекламаси олиб ташланди
Давлат рақобат қўмитаси томонидан ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган реклама ахборотлари таҳлил қилинганда, айрим умумий овқатланиш корхоналари томонидан ўз хизматларини, хусусан алкоголь маҳсулотлари рекламаси ва тарғиботига йўл қўйилганлиги кузатилди.
Жумладан, Тошкент шаҳридаги айрим ресторанлар томонидан жойлаштирилган рекламаларга барҳам берилиб, уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар курилган.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 23-моддасига асосан, тамаки, тамаки маҳсулотлари ва ҳар қандай қувватдаги алкоголли ичимликлар рекламаси тақиқланади.
Шунингдек, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реклама қилишга йўл қўйилмайди ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этиш, яъни алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишни рағбатлантирувчи, шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ҳамда бадиий образларни ошкора ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган хатти-ҳаракатлар тақиқланади.
Ушбу назорат тадбирлари давом этирилмокда.