Фан-техника | 11:59 / 31.03.2016
2924
4 дақиқада ўқилади

Энг кўп кутилаётган смартфонлардан бири LG G5 жаҳон бозорига чиқмоқда

LG G5 - модул дизайнли илк смартфон - мобил технологиялар оламида янги имкониятларни очади.

Шу ҳафтада LG Electronics компанияси энг узоқ кутилган LG G5 модул смартфонини жаҳон бозорига олиб чиқади. Сотувлар 31 март куни Жанубий Кореяда, 1 апрелда АҚШда, ундан сўнг эса Европа, Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларида амалга оширилади.

Бутун дунёдан 200га яқин ритейлер ва алоқа операторлари LG G5 смартфонини ички бозорларида намойиш қилиш қарорига келишди.

Ўтган ойда Барселонада бўлиб ўтган Mobile World Congress (MWC) 2016 Бутунжаҳон мобил конгрессида LG G5 модели энг замонавий технологияларни рўёбга чиқариш намунаси ҳисобланди. LG G5 моделининг концепцияси MWC иштирокчилари ва зиёратчилари томонидан муносиб баҳоланди, буни унинг энг кўп мукофот олгани исботлайди: умумий ҳисобда флагман 33 мукофотни қўлга киритди.

Жумладан, у инновация, юқори сифат ва ютуқларни эътироф этувчи энг нуфузли платформа GSMA ассоциацияси томонидан бериладиган "MWC 2016 нинг энг яхши янги смартфони" номинациясига лойиқ деб топилди.

"MWC’даги дебютдан сўнг LG G5 ва LG Friends мобил технологияларга бундай ноанъанавий ёндашувлари туфайли бутун дунёдаги фойдаланувчиларнинг тасаввурини қамраб олди", - дейди LG Electronics Mobile Communications компаниясининг президенти Жуно Чо.

"Модул дизайн ҳақида анчадан бери гапириларди, бироқ ҳанузгача бирортаси уни фойдаланувчиларга етказа олгани йўқ. Шунинг учун биз бундай мароқли жавобгарликни ўз зиммамизга олганимиздан бениҳоя хурсандмиз", деб қўшимча қилган у.

Смартфон бир қатор янги технологиялар билан бойитилган: кенг форматли суратлар олишга имкон берувчи 135 градусли тасвир бурчагига эга икки томонли камера; дисплейни фаоллаштириш заруратисиз барча хабарлардан воқиф бўлиш имконини берувчи "Always-on Display" функцияси; кинотеатр миқёсидаги товуш жарангини таъминловчи, ҳаттоки шовқинда ҳам аниқ эшитилиб турувчи Dolby Digital Plus аудиотизими ва 7.1 форматининг кенг қамровли жаранги.

Бундан ташқари, LG G5 смартфонида фойдаланувчиларга дастурлар яратиш имконини берувчи интеллектуал қарорлар - IFTTT (If This Then That -Агар бу бўлса, у ҳолда) хизмати мавжуд.

LG компанияси фойдаланиш интерфейсида графикани енгиллаштирди. Бунда ёрқин ранглар комбинациясидан ва яримшаффоф эффектлардан фойдаланилди. Ундан ташқари, анимациялар синхронизацияси амалга оширилди, бу эса ўз ўрнида фойдаланувчи учун қизиқ тажриба ҳисобланади.

LG G5 билан бирга ёки ундан сал кейинроқ бир қатор мамлакатларда «LG Friends» қўшимча қурилмалари ҳам намойиш этилади:
⦁ LG CAM Plus камераси
⦁ LG Hi-Fi Plus B&O PLAY плеери
⦁ Виртуал реаллик кўзойнаги LG 360 VR
⦁ LG 360 CAM камераси
⦁ LG Rolling Bot роботи
⦁ LG Tone Platinum
⦁ LG H3 от B&O Play қулоқчинлари

Сотувга чиқишнинг аниқ санаси ва нархи ҳар бир мамлакат учун алоҳида эълон қилинади.