Жаҳон | 09:24 / 31.03.2016
2436
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған: ЕИ давлатлари терроризм таҳдиди ҳақида тўлиқ тушунчага эга эмас

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг фикрича, Европа Иттифоқидаги кўплаб мамлакатлар терроризмдан келадиган таҳдидни тўлиқ англаб етишмаяпти ва шу туфайли терроризмга қарши кураш оқсамоқда. У бу фикрларини CNN телеканалига бергани интервьюсида айтиб ўтган.

"Биз давлатларни терроризмга қарши биргаликда туришга чақирамиз. Лекин ЕИдаги бир қатор давлатлар террор таҳдиди ҳақида яхши тушунчага эмасга ўхшайди", дейди туркияликлар раҳбари.

CNN томонидан қайд этилишича, Эрдўған ЕИ давлатларини терроризмга қарши курашда масъулиятсизлик кўрсатаётгани учун танқид ҳам қилган. У Анқара Брюсселга жангарилардан бири ҳақида маълумот юборгани, бельгияликлар 22 март кунги терактнинг олдини олишолмаганини эслатиб ўтган.

"Маълумотлар алмашишни йўлга қўйишимиз кутилган самарани бермаяпти", деган у.

Эрдўған Туркия ҳукумати ИШИДга қарши курашни давом эттиришини таъкидлаган. "Биз Европа давлатларидан ҳам шуни кутамиз", деган Туркия президенти.

Бундан олдинроқ, Туркия президенти Тойиб Эрдўғон, 18 март куни Чанаққалъада бўлиб ўтган “Дарданел операцияси” бир йиллигига бағишланган тантанали тадбирда нутқ сўзлар экан, Брюсселда содир этилиши мумкин бўлган терактлар ҳақида гапиргани хабар қилинганди.

22 март куни Брюссель аэропортида иккита портлаш содир этилди. Кўп вақт ўтмасдан Брюсселдаги метро станцияларида ҳам 4та теракт амалга оширилди. Сўнгги маълумотларга кўра, портлашлар оқибатида 31 киши ҳалок бўлган, 300дан ортиқ киши жароҳатланган.

Терактдан кейин Туркия Брюсселда ўзини портлатган жангарилардан бири Иброҳим Бакравийни 2015 йилнинг ёзида Газиантеп ҳудудида ўтказилган амалиётлардан кейин терроризмга алоқадорлиги учун қўлга олиб, Бельгияга депорт қилгани ҳақида маълум қилинди.

"Биз Бельгия элчихонасини бу ҳақида огоҳлантиргандик. Улар эса бу террорчини қўйиб юборишган. У ёлланма жангари эди, Бельгия ҳукумати эса бунга эътибор қаратмади", дейди Эрдўған.