Фарғона прокурори вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди
Баҳодир Пўлатов Фарғона вилоят ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бунгача у Фарғона вилояти прокурори лавозимида ишлаб келаётганди.
Ҳокимлик сайтида маълум қилинишича, унинг номзоди 26 март куни халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари 11-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев томонидан тавсия этилган ва номзод депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланган.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 24 февралдаги қарори билан вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимиятларининг бошқарув аппаратининг янгиланган тузилмаси тасдиқланди. Ўзгаришларга кўра, вилоятлар ва пойтахт ҳокимлари ўринбосарлари сони ҳокимнинг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати бўйича биринчи ўринбосари лавозимининг жорий этилиши ҳисобига беш нафардан олти нафарга оширилди.