Эрдўғон 1,5 йил мобайнида суриялик қочқинлар учун хавфсизлик ҳудудларини таъминлашга тайёр
Туркия 1,5 йил мобайнида Суриянинг шимолий қисмида қочқинлар учун "хавфсизлик ҳудудлари" яратишга тайёр. Бу ҳақида Туркия президенти Ражаб Эрдўғон пайшанба куни эфирга чиққан CNN телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган.
"Биз Сурия қочқинлари учун хавфсиз ҳудуд ташкил этиб, улар бу ерда яшашларига имкониятлар яратамиз. Улар учун мактаблар, идоралар қурилади", - деб изоҳ беради у.
Эрдўғон ана шунда Сурия қочқинлари Туркия ва бошқа мамлакатларни тарк этиб, шу ҳудудга келишади деб ҳисоблайди.
"Бундай қурилишни амалга оширишга 1-1,5 йил вақт кетади, - дейди у. - Мен бу масалада қатъий қарорга келиб бўлганман ва унга катта умид боғлайман".
Шунингдек, Эрдўғон бу тўғрисида АҚШ президенти Барак Обама билан суҳбатлашгани ва ҳаттоки ўз лойиҳасини амалга ошириш учун Суриянинг шимолида аниқ жойлар танланганини маълум қилди.