Жамият | 17:51 / 01.04.2016
7714
5 дақиқада ўқилади

Ҳазил куни тарихига назар

1 апрель куни дунёнинг бир қатор мамлакатларида "Ҳазил куни" ва "Алдаш куни" нишонланади. Шу куни яқин дўстлар бир-бирлари билан ҳазиллашишади. 

1 апрель куни бир марта бўлса-да жилмайиб қўймайдиган одам деярли топилмайди. Биринчи апрель бир-бирига ҳадди сиғадиган, қалби пок инсонларнинг байрами. Тақвимда қизил билан белгилаб қўйилмаган байрамни бутун дунёда нишонлаш анъанага айланган. Таҳлилчиларнинг фикрича, бугун кўпчилик бир марта бўлса-да кимдир билан ҳазиллашади. Чинакамига халқона бўлган бу байрамда Янги Зеландия, Ирландия, Буюк Британия, Австралия ва Жанубий Африка каби мамлакатларда тушга қадар ҳазилашишади. Тушдан кейинги ҳазилни “апрель тентакликлари” деб аташади.

Манбаларда илк бор 1509 йилда француз шоирларидан бири “Poisson d’Avril”  (Апрель ҳазиллари) хақида ёзиб қолдирган. Лекин илк бор ҳазил куни 1686 йилда ўтказилгани айтилади.

Ўзбекларнинг аскияси бир неча минг йилларга, ҳатто ибтидоий жамоа тузумига бориб тақалиши айтилади. Гулхан атрофида тўпланган аждодлар бир-бирлари билан ҳазиллашгани, шу тариқа аския санъати пайдо бўлгани олимлар томонидан исботланган. Аския қадим-қадимдан бери аждодлар маданиятининг бир қисми сифатида кўрилади. Айни дамда аския ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг жаҳон номоддий маданий бойликлари рўйхатига  киритилган.

Ҳозир Европада нишонланаётган биринчи апрель куни эса одамларнинг бир-бирларини алдашдан бошланган. Айрим тахминларга кўра баҳор ҳавосининг ўзгариб туриши ҳам бу байрамга асос бўлган бўлиши мумкин. Германияга Ҳазил куни Франциядан кириб келган.

Европада Биринчи апрель байрами  XVI асрда пайдо бўлган. Бунга француз қироли Карл Биринчининг 1564 йилда янги йилни 1 апрелдан 1 январга кўчириш тўғрисидаги фармони сабаб бўлган. Аммо одатга кўра одамлар 1 апрелда бир-бирларни янги йил билан табриклайверишган. Аммо байрам хақиқий бўлмагани боис совғаларни ҳазил сифатида қабул қилишган. Масалан, бўм-бўш қутилар совға қилинган. Вақт ўтиши билан ҳазил биринчи апрель анъанасига айланиб қолган. Бу анъана ҳамон давом этмоқда.

Яқинда топилган Philogelos (кулги ишқибозлари) деб номланган ҳужжатда қадимий кулги ҳақида тасаввур уйғотади. Грециядан топилган бу ҳужжат муаллифлари Гиерокл ва Филагриус бўлиб, милоднинг учинчи ёки тўртинчи асрларига оид бўлиб, унда  260га яқин ҳазил ёзилган.

Ёзувчи Белинский ёзганидек, кулги ҳақиқатни ёлғондан фарқлашда восита бўлади. Инсонда ўз қадрини билиш туйғусини уйғотишга қодир. Бугунги кунда кулгининг турлари кўп. Масалан, ҳазил, пародия, ҳажв, латифа, аския каби сўз ўйинларини келтириш мумкин. Шу ўринда Афанди  латифаларини эсга оламиз. Ўтмишда халқ бирор нарсани ҳажв қилмоқчи бўлса, Афанди латифаларини тўқиган. Латифа қизиқарли воқеа борасида қисқача ҳикоядир. Латифа асосан оғиздан-оғизга ўтиб келади. Латифалар инсонлар фаолиятининг барча соҳаларини қамраб олади. Латифаларни иккига ажратиш мумкин. Биринчиси, фақат кулдириш учун тўқиб чиқарилган бўлса, иккинчи латифада ҳаёт хақиқатлари ўз аксини топади. Латифалар  кулдириш билан бир қаторда кишини ўйлантиради. Энг қизиғи, латифаларнинг муаллифи ким экани ҳамиша ҳам маълум бўлмайди.

Ҳажвиянинг муҳим хусусияти унинг маълум макон ва замонда бўлишидир. Ҳажвия жамиятда юз бераётган ҳодисалар туфайли туғилади. Ҳажвиянинг илдизлари милоддан аввалги 2 асрларга бориб тақалади. Тарихчи Плинийнинг ёзишича, милоддан аввалги VI асрда Гиппонакт исмли шоир бир инсон ҳақида ўткир ҳажвия ёзади. Натижада, ўша одам ўз жонига қасд қилади. 

18 асрдан бошлаб ҳажвия худди табиий офат каби Европадаги барча газета ва журналларни эгаллаб ола бошлади. Ҳажвия худди ойнадир. Фақат унда ўзингиздан бошқа ҳамманинг юзини кўриш мумкин. Ҳажвия ижтимоий адолатга қарши бўлганларга нисбатан ҳужум.

 

Матбуотда 1 апрель санасида кўплаб ҳазиллар эълон қилинган.

Масалан, 1899 йилда Денвер газеталарида Буюк Хитой деворининг бузиб ташланиши борасида хабар босилган.

- 1980 йилда BBC радиоси Биг-Бен соатининг  механик циферблати замонавий электрон циферблатга алмаштирилишини маълум қилди.

- 1986 йилда Le Parisien газетаси стадион қурилиши муносабати билан Эйфел минораси бузилиши хақида хабар берди.

- 1975 йилда Австралиянинг This Day Tonight янгиликлар дастурида эндиликда бир дақиқа юз сониядан иборат бўлиши, яъни бир кеча кундуз 20 соатдан ташкил топиши хақида қарор қабул қилингани борасида ахборот берилди.

- 2008 йилда BBC Антарктикада қишлаш учун Жанубий Америкага йўл олган учувчи пингвинлар суратга олинганини маълум қилди.

Шарофидин Тўлаганов